“Jibek Joly” халқаро туристик поезди Марказий Осиёнинг уч давлатини ўзаро боғлайди
Январ 28, 2026. 17:12 • 50 сония
• 275
ОСТОНА, 31 январь. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг 20–25 март кунлари “Jibek Joly” халқаро туристик поезди Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонни ягона маданий-маърифий йўналиш доирасида бирлаштиради, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Liter.kz” нашрига таяниб.
Ушбу саёҳат Буюк Ипак йўлининг энг муҳим манзиллари бўйлаб ўтади. Янгиланган маршрут Олмаота–Туркистон–Самарқанд–Душанбе–Тошкент–Олмаота шаҳарларини қамраб олиб, минтақанинг қадимий шаҳарлари, маънавий марказлари ва замонавий пойтахтларини ўзаро боғлайди. Бу галги саёҳат йўналиши Тожикистон пойтахти – Душанбе шаҳрининг қўшилиши ҳисобига янада кенгайтирилди.
Туристик пакет қийматига поездда ҳаракатланиш, профессионал гидлар ҳамроҳлигидаги экскурция дастурлари, тарихий обидаларга кириш чипталари ва туроператорлар томонидан ташкил этилган барча трансферлар киритилган. Саёҳат иштирокчилари Марказий Осиё халқларининг баҳорий байрам анъаналари, миллий маросимлар, анъанавий мусиқа ва минтақанинг ўзига хос урф-одатлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади.
Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши минтақавий туризмни ривожлантириш билан бир қаторда, қўшни давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиёнинг ягона туристик макон сифатидаги жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
