“Kierunek Kaukaz”: Ўзбекистон мудофаа доктринаси қайта кўриб чиқади
Январ 28, 2026. 16:35 • 2 дақ
• 89
ВАРШАВА, 28 январь. /“Дунё” АА/. Польшанинг машҳур “Kierunek Kaukaz” электрон порталида журналист Каспер Охманнинг Ўзбекистон мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакат мудофаа доктринасини қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.
Таъкидланишича, саккиз йил аввал қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилги Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келган. Шавкат Мирзиёев тез ўзгарувчан минтақавий ва глобал вазиятни ҳисобга олган ҳолда мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлаган.
“Йиғилишда Мудофаа соҳасида хавф-хатар ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ва фаол ёндашувга ўтиш зарурлиги айтилган. Президент сўзларига кўра, мамлакат Қуролли Кучларини модернизация қилиш ҳаракатчанлик, ишлаб чиқариш қувватлари ва бошқарув самарадорлигини ошириш, рақамли ечимлар ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланишга асосланиши керак”, дея ёзилган материалда.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси технологик даражани ва барқарорликни ошириш учун мудофаа саноатини ривожлантириш, сунъий интеллект элементлари билан бир қаторда рақамли ечимларни жорий этишга чақирган. Шу билан бирга, армиянинг инсон капиталини ривожлантириш, ҳарбий таълим тизимини, Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетини рақамли ва интеллектуал таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда янада такомиллаштириш муҳимлиги таъкидлаган.
Бундан ташқари, ҳарбий хизматчиларга профессионал кўникмаларни эгаллаш ва демобилизациядан кейин ҳақиқий истиқболларни рўёбга чиқариш имконини берадиган ҳарбий хизматнинг янги моделини яратиш бўйича вазифалар қўйилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
