Кубаничбек Омуралиев: Янги Ўзбекистон кенг кўламли, тизимли трансформациянинг муваффақиятли намунасини яратди
Июль 19, 2026. 09:00 • 9 дақ
• 211
ИСТАНБУЛ, 19 июль. /“Дунё” АА/. Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Бош котиби Кубаничбек Омуралиев “Дунё” АА мухбирига берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистоннинг ТДТ фаолиятидаги ўрни ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Жорий йил Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар бошланганига 10 йил тўлади. Сиз ушбу ислоҳотларни қандай баҳолайсиз ва мамлакатда рўй берган қайси ўзгаришлар энг аҳамиятли ҳисобланади?
– Сўнгги ўн йил мобайнида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг деярли барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Уларнинг натижалари бугунги кунда яққол намоён бўлиб, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси юксалиши, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи мустаҳкамланиши ва давлат бошқаруви тизими такомиллашганида ўз ифодасини топмоқда.
Фикримча, ушбу даврнинг энг муҳим натижалари қуйидагилардан иборат бўлмоқда:
Биринчидан, мамлакатнинг очиқлиги. Ўзбекистон ташқи сиёсатни сезиларли даражада фаоллаштириб, қўшни давлатлар ва халқаро ҳамкорлар билан муносабатларни мустаҳкамлади. Бу эса давлатнинг сармоявий жозибадорлиги ва жаҳон аренасидаги обрўсини оширишга имкон берди.
Иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар. Валюта бозори эркинлаштирилди, инвестиция муҳити сезиларли даражада яхшиланди, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилди, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш механизмлари кенгайтирилди. Натижада, иқтисодиёт янада барқарорлашиб, диверсификациялашди.
Учинчидан, ижтимоий соҳанинг ривожланиши. Замонавий мактаблар, болалар боғчалари, тиббиёт муассасалари, инфратузилма объектлари қурилишига катта маблағ йўналтирилди. Ёшлар, хотин-қизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш дастурлари амалга оширилмоқда.
– Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ТДТ ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ушбу ҳамкорликнинг қайси жиҳатларини энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз ва келажакда қандай қўшма лойиҳалар устувор аҳамият касб этиши мумкин?
– Ўзбекистон 2019 йилда ТДТнинг тўлақонли аъзосига айланди, 2022–2023 йилларда эса ташкилотга илк бор раислик қилди. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон раислик вазифасини самарали амалга ошириб, ТДТнинг янада институционал ривожланишига салмоқли ҳисса қўшди.
Ўзбекистон ташкилот тарихида биринчи марта устувор йўналишлар ва тадбирлар мажмуини ўз ичига олган Раислик концепциясини ишлаб чиқди. Мазкур ҳужжат аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни ўзида мужассам этди.
Концепция ТДТга аъзо барча давлатларга тақдим этилди ва юқори баҳоланди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон томонидан асос солинган Раислик концепциясини ишлаб чиқиш амалиёти ташкилотнинг янги анъанасига айланди келмоқда.
Ўзбекистоннинг ТДТ билан ҳамкорлигини мамлакат ташқи сиёсатининг энг истиқболли йўналишларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Сиёсий мулоқотнинг кучайиши, савдо-иқтисодий алоқаларнинг ўсиши, Ўрта йўлак бўйлаб транспорт ўзаро боғлиқлигининг ривожланиши ҳамда маданий-гуманитар алмашинувнинг кенгайиши энг муваффақиятли натижалар бўлди. Бугунги кунда ТДТ транспорт, энергетика, рақамлаштириш ва “яшил” иқтисодиётга алоҳида эътибор қаратмоқда.
ТДТ минтақасининг иқтисодий салоҳияти тобора яққол намоён бўлмоқда. 2025 йилга келиб, ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 2,4 триллион АҚШ долларидан ошади, умумий савдо ҳажми эса 1,27 триллион долларга етди. Ўртача 6,86 фоизлик иқтисодий ўсиш суръати билан минтақамиз 3,2 фоизлик жаҳон прогнозидан икки баробардан юқори натижа кўрсатиб, барқарор ва ишончли ривожланмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон ТДТ доирасида нафақат иштирокчи, балки амалий лойиҳалар ташаббускори сифатида ўзини кўрсатаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу логистика, савдони соддалаштириш, рақамли иқтисодиёт, ёшлар ва таълим дастурларига тааллуқлидир.
– Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири очиқ ташқи сиёсатни шакллантириш бўлди. Сизнингча, бу ўзгаришлар халқаро ҳамжамият ишончини мустаҳкамлашга қай даражада ҳисса қўшмоқда?
– Бу ўзгаришлар халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Очиқ ташқи сиёсат мамлакатга аввалги яккаланиб қолиш ҳолатидан чиқиш, қўшнилар, халқаро ташкилотлар ва дунёнинг етакчи ҳамкорлари билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш имконини берди.
Энг муҳими, Ўзбекистон келажаги порлоқ, очиқ ва масъулиятли ҳамкор сифатида қабул қилина бошланди. Бу сиёсий алоқалар ўсишида, иқтисодий ҳамкорлик кенгайишида, хорижий инвесторлар қизиқиши ортишида, шунингдек, БМТ, ЕХҲТ, ТДТ, ШҲТ, Европа Иттифоқи ва бошқа тузилмалар билан ўзаро ҳамкорлик фаоллашувида намоён бўлди.
Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларнинг стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани, айниқса, муҳим ютуқ бўлди. Яхши қўшничилик сиёсати, чегара, транспорт ва сув-энергетика масалаларининг ҳал этилиши минтақада янги ишонч муҳитини вужудга келтирди. Ўзбекистон минтақавий мулоқот ташаббускорларидан бирига ва муҳим халқаро масалаларни муҳокама қиладиган майдонга айланди.
Бундан ташқари, ички ислоҳотлар – иқтисодиётни эркинлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар, давлат органлари очиқлигини ошириш – ҳам мамлакатнинг халқаро обрўсига ижобий таъсир кўрсатди. Халқаро ҳамжамият нафақат ташқи сиёсий баёнотларни, балки давлат ичидаги ҳақиқий ўзгаришларни ҳам юксак баҳолади.
– Бугунги кунда Ўзбекистон барқарор ривожланиш, “яшил” иқтисодиёт, рақамли трансформация, илм-фан, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишидаги ташаббусларни фаол илгари сурмоқда. ТДТ доирасида бу соҳаларда келгуси ҳамкорлик учун қандай имкониятларни кўраяпсиз?
– Назаримда, яқин йилларда айнан ушбу йўналишлар ТДТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг кун тартибини белгилаб беради. Замонавий чақириқлар нафақат иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни, балки туркий давлатларнинг интеллектуал, технологик ва илмий салоҳиятини бирлаштиришни ҳам тақозо этмоқда. Аввало, “яшил” иқтисодиёт соҳасида катта истиқболлар очилмоқда. Булар қуёш ва шамол энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ва экологик тоза транспортни ривожлантиришдан иборат.
Мазкур йўналишда мамлакатларимиз томонидан стратегик аҳамиятга эга қўшма лойиҳалар аллақачон ҳаётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон биргаликда Қирғизистон ҳудудида Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошираяпти.
Гидроэлектр станциясининг лойиҳавий қуввати 1860 МВтни ташкил этади. Мазкур лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши минтақанинг энергетик хавфсизлигини сезиларли даражада мустаҳкамлашга, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришга ҳамда минтақавий ҳамкорлик ва интеграцияни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам замин яратишга имкон беради.
Тажриба ва сармояларни бирлаштириш барқарор ривожланишга ўтишни тезлаштиради. Рақамли трансформация ҳам кам бўлмаган муҳим йўналишдир. ТДТ мамлакатлари рақамли инфратузилмани янада фаолроқ ривожлантириши, электрон ҳукумат, сунъий интеллект тизимлари, киберхавфсизлик технологиялари ва рақамли савдони жорий этиши мумкин. Ягона рақамли маконнинг яратилиши бизнес ва давлат институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни сезиларли даражада осонлаштиради.
Жорий йилнинг май ойида Туркистон шаҳрида глобал ва минтақавий ривожланишнинг замонавий тенденцияларини тўлақонли акс эттирувчи “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” шиори остида ташкилотимизнинг навбатдаги норасмий саммити бўлиб ўтди.
Шу ўринда, Ўзбекистон Президентининг “Рақамли туркий дунё” концепциясини қабул қилиш бўйича ташаббуси муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Мазкур концепция замонавий воқеликлар, технологик ўзгаришлар ва рақамли ривожланишнинг умумий устуворликларини ҳисобга олган ҳолда туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир комплекс ва тизимли ёндашувни назарда тутади.
– Сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлар давомида Ўзбекистон қатор халқаро ва минтақавий лойиҳаларнинг ташаббускорига айланди. Амалга оширилган ташаббусларнинг қайси бири Марказий Осиё ва умуман халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамиятга эга?
– Энг муҳим ташаббуслар сирасига Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувларини киритган бўлардим. Айнан ушбу формат минтақа мамлакатларига хавфсизлик, савдо, транспорт, сув, энергетика ва экология масалаларини ортиқча ташқи зиддиятларсиз, мустақил равишда муҳокама қилиш имконини берди.
Иккинчи муҳим йўналиш – транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришдир. Транскаспий йўналиши, темирйўл ва автомобиль йўлаклари, портлар ҳамда янги бозорларга чиқиш билан боғлиқ лойиҳалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун стратегик аҳамият касб этиб, минтақани Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим бўғинга айлантирмоқда.
Учинчи муҳим ташаббус – Афғонистон борасида тинчлик, барқарорлик ва гуманитар ҳамкорликни илгари суришдир. Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб қилиш, инфратузилма, савдо ва энергетикани ривожлантириш тарафдори сифатида изчил позицияни эгаллаб келмоқда.
Бу бутун Марказий Осиё хавфсизлиги учун муҳимдир. Шу йўналишда барча туркий давлатлар 2025 йил май ойида бўлиб ўтган ТДТнинг Будапешт саммити доирасида Афғонистон бўйича Қўшма баёнотни қабул қилиб, Ўзбекистон ташаббуси билан ҳамжиҳат эканини намоён этди.
Шунингдек, ТДТга аъзо давлатларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, бутун минтақа учун стратегик аҳамиятга эга бўлган масалалар юзасидан конструктив ҳамкорликни ривожлантиришга содиқлигининг яққол тасдиғи бўлди.
Экология ва барқарор ривожланиш, жумладан, Орол муаммоси, сувни тежаш, иқлим ўзгариши ва “яшил” иқтисодиёт соҳасидаги ташаббуслар ҳам узоқ муддатли аҳамиятга эгадир. Бу муаммолар миллий чегаралардан ташқарига чиқиб, биргаликдаги минтақавий ечимларни талаб этади.
– Кўплаб халқаро экспертлар Янги Ўзбекистон ислоҳотлари тажрибасини кенг минтақадаги улкан трансформациянинг энг ёрқин намуналаридан бири сифатида эътироф этмоқда. Сизнингча, бу тажрибанинг қайси жиҳатлари бошқа давлатлар учун алоҳида қизиқиш уйғотади?
– Янги Ўзбекистон тажрибаси, аввало, ислоҳотларнинг бир вақтнинг ўзида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ва ташқи сиёсат соҳаларида комплекс тарзда олиб борилгани билан аҳамиятлидир. Бошқа давлатлар учун айнан шу ёндашув – айрим ўзгаришлар эмас, балки ривожланиш моделининг тизимли трансформацияси алоҳида аҳамият касб этади.
“Давлат – инсон учун” тамойили алоҳида қизиқиш уйғотади. Ислоҳотлар аҳоли турмуш сифатини ошириш, таълим, тиббиёт, давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, ёшлар, хотин-қизлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Бундай инсонпарвар ёндашув кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун фойдали бўлиши мумкин.
Давлат бошқаруви рақамлаштирилиши ва унинг шаффофлигини ошириш ҳам муҳимдир. Хизматларни электрон шаклга ўтказиш, бюрократияни қисқартириш, аҳоли билан қайта алоқа механизмларини ривожлантириш янада самарали ва замонавий бошқарув тизимини яратади.
Ўзбекистоннинг ислоҳотларни барқарорликни сақлаган ҳолда уйғунлаштира олиш қобилияти алоҳида қизиқиш уйғотади. Бу кенг кўламли ўзгаришларни тадрижий, изчил ва миллий ўзига хосликларни инобатга олган ҳолда амалга ошириш мумкинлигини кўрсатади.
Умуман олганда, Янги Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун сиёсий ирода, очиқлик, ижтимоий фаоллик, прагматик ташқи сиёсат қандай қилиб чуқур ва барқарор трансформация асоси бўла олишига мисол сифатида қизиқарлидир.
– Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг 10 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз халқи ва раҳбариятига қандай тилакларингиз бор? Келгуси йилларда Ўзбекистоннинг янада ривожланиши борасида қандай кутилмаларингиз бор?
– Ислоҳотларнинг 10 йиллиги ва мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Янги Ўзбекистон раҳбарияти ва қардош халқига тинчлик, барқарорлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик ёр бўлсин. Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдеворини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини амалга оширишда янгидан-янги муваффақиятлар тилайман.
Бошланган барча ислоҳотлар бундан буён ҳам асосий мақсадга – инсонлар фаровонлигини юксалтириш, адолатни мустаҳкамлаш, замонавий иқтисодиёт, илм-фан, таълим ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилаверсин. Сўнгги йилларда шаклланган янгиланиш шижоати сақланиб қолиши ва ҳар бир оила, ҳар бир ҳудуд ҳамда ҳар бир фуқаро ҳаётида ўзининг сезиларли натижаларини бериши жуда муҳимдир.
Мен Ўзбекистоннинг келгуси тараққиётига катта умид ва ишонч билдираман. Аминманки, мамлакат очиқ, замонавий ва жадал ривожланаётган давлат сифатидаги ўз мавқеини изчил мустаҳкамлаб, туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириб, минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшишда давом этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси