Польша пойтахтида “Аёл қисмати” фильми премьераси бўлиб ўтди
Январ 26, 2026. 09:55 • 2 дақ
• 127
ВАРШАВА, 26 январь. /“Дунё” АА/. Польша пойтахтида Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан суратга олинган “Аёл қисмати” ўзбек фильмининг премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Ambasador” таҳлилий маркази журналидаги мақолага таяниб.
Кино тақдимотида дипломатик, маданий ва академик доира вакиллари, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан қизиқувчи кенг аудитория вакиллари иштирок этган.
Премьерада Ўзбекистон элчиси Амирсаид Агзамхўжаев сўзга чиқиб, икки давлат ўртасида кино саноатидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида гапирди.
Мазкур ўзбек фильми режиссёр Дилмурод Масаидов томонидан суратга олинган бўлиб, ўзбек аёллари ва болаларининг хориждаги экстремистик лагерлардан қайтиши билан боғлиқ мураккаб вазиятларга бағишланган.
Кинокартина Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган “Меҳр” инсонпарварлик миссияси иштирокчиларининг ҳаётий ҳикояларига асосланган. Ушбу миссия мамлакатнинг реинтеграция, масъулият ва инсонпарварлик ёрдамига янгича ёндашувининг рамзига айланди.
Фильмнинг бош қаҳрамони андижонлик аёл воқеаси асосида яратилган Сожида образидир. Унинг ҳикояси зўравонлик ва экстремизм таъсирига тушиб қолган оддий оиланинг фожиасини очиб беради. Сожиданинг турмуш ўртоғи ва акаси ишга кетгач, ИШИД террорчилик ташкилоти қўлига тушиб қолади ва Сурияга бориб қолади. У бир нечта мамлакатлар орқали можаро зонасигача бўлган фожиали йўлни босиб ўтади.
Қаҳрамон умрининг ўн йилини жангарилар лагерларида ўтказади, уч марта турмушга чиқади ва ҳар сафар янги йўқотишни бошдан кечиради. У ўғилларини, соғлиғини ва хавфсизлик ҳиссини йўқотади. Унинг ҳикояси кўпинча бошқаларнинг қарорлари қурбони бўлган, шу билан бирга, ўз фарзандларининг омон қолиши учун курашган аёлларнинг азоб-уқубатлари ҳақида таъсирли гувоҳлик беради.
“Аёл қисмати” фильмининг премьераси 2022 йил сентябрь ойида “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалида бўлиб ўтган. Ўшандан бери фильм бир неча тилларга таржима қилинган ва халқаро майдонда радикаллашув оқибатлари ва гуманитар бирдамлик зарурати муҳокамасида муҳим овоз сифатида тақдим этилган.
Варшавадаги намойиш чуқур ҳис-туйғуларни уйғотди ва томошабинларни фуқароларни ҳимоя қилишда давлатнинг роли, тинчликнинг аҳамияти ва қуролли можаролар қурбонларини қўллаб-қувватлаш ҳақида ўйлашга мажбур қилди. “Аёл қисмати” шунчаки фильм эмас, балки энг драматик воқеалардан кейин ҳамдардлик, масъулият ва нормал ҳаётга қайтиш умидига чақириқдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
