Ўзбекистонлик ёш олимлар Малайзияда малака оширмоқда

Ноябрь 29, 2026. 10:00 • 2 дақ

• 13
Ўзбекистонлик ёш олимлар Малайзияда малака оширмоқда
Ўзбекистонлик ёш олимлар Малайзияда малака оширмоқда
Ўзбекистонлик ёш олимлар Малайзияда малака оширмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 29 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг 20 нафардан ортиқ ёш олимлари Малайзиянинг Султон Идрис таълим университетида (UPSI) малака оширмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу ташриф UPSI ва Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўртасида келишилган “Ўзбекистон ёш олимлари UPSIда” дастури доирасида амалга оширилмоқда. Делегация таркибидан асосан “яшил технологиялар” ва “ақлли шаҳарлар” йўналишларида илмий изланишлар олиб бораётган ёш тадқиқотчилар ўрин олган.

Султон Идрис таълим университетида битирувчи ёш олимлар ва магистрларга диплом топширишга бағишланган “Convokesyen 2026” маросимида UPSI ректори, профессор Муҳаммад Амин бин Тафф сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистон билан илмий кадрлар тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётганини алоҳида эътироф этди.

Шунингдек ўқинг

Университет вакили — Малайзиянинг Перак штати маликаси Зара Салим Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев билан учрашув чоғида мамлакатимиз мазкур олийгоҳнинг энг фаол хорижий ҳамкорларидан бири эканини таъкидлади.

Малака ошириш дастури давомида ўзбекистонлик ёш олимлар Малайзиянинг Перак, Пинанг, Негери-Сембилан штатлари ҳамда Куала-Лумпур шаҳридаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот ташкилотларида бўлиб, “яшил технологиялар” ва “ақлли шаҳарлар”ни ривожлантириш бўйича илғор тажрибани ўрганмоқдалар. Таъкидлаш жоизки, бу жорий йилда ташкил этилаётган иккинчи шундай дастур бўлиб, келгусида уни мунтазам равишда ўтказиб бориш режалаштирилган.

1997 йилда ташкил этилган Султон Идрис таълим университетида 27 мингдан зиёд талаба таҳсил олади ва у “Малайзия – Ўзбекистон олий таълим консорциуми”да етакчи ўрин тутади. Ўзбекистон Президентининг 2025 йил февраль ойида Малайзияга амалга оширган расмий ташрифи доирасида айнан ушбу университетда биринчи Ўзбекистон – Малайзия олий таълим форуми ўтказилиб, 50 дан ортиқ ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш