Logo

Оқтовдаги ифторликда Ўзбекистонда очилган янги мажмуалар эътироф қилинди

Март 19, 2026. 17:25 • 2 дақ

55
Оқтовдаги ифторликда Ўзбекистонда очилган янги мажмуалар эътироф қилинди

ОҚТОВ, 19 март. /“Дунё” АА/. Оқтов шаҳрида доимий ва вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари учун ифторлик ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Маданий-маърифий учрашувда Тошкент шаҳрида янги қурилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази ҳамда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Муборак Рамазон ҳайити арафасида очилган ушбу мажмуалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзбек халқининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва дунёга тарғиб қилиш йўлидаги улкан қадамдир. Бу мажмуа шунчаки музей эмас, балки буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини тадқиқ этувчи йирик илмий маскан бўлади.

Шу билан бирга, Самарқандда қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуаси янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлиб қад ростлагани, бу ерда зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилгани алоҳида қайд этилди.

Имом Бухорий мажмуаси қошида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфратузилма яратилиб, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилди.

 Ҳамюртлар билан яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз умумхалқ байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш юзасидан фикр-мулоҳаза алмашилди.

Ифторлик дастурхонига ўзбек миллий таомлари тортилди. Оқтовдаги ватандошлар давлатнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилаётганини таъкидлаб, халқ манфаати йўлидаги бундай ташаббуслар учун самимий миннатдорлик билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш