Ўзбекистон тўқимачилик компаниялари ва Германия йирик улгуржи харидорлари ўртасида мулоқот ўтказилди
Январ 21, 2026. 14:13 • 2 дақ
• 57ФРАНКФУРТ-МАЙН, 21 январь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан юртимиздаги тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари “Parisa Home”, “Ideal” ва “Asakatekstil” компаниялари ҳамда германиялик йирик улгуржи харидорлар ўртасида мулоқот ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш, миллий экспорт маҳсулотларини Европа бозорларига илгари суриш мақсадида ташкил этилди.
Учрашув савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистон маҳсулотларини Германия бозорига экспорт қилиш ҳажмини ошириш, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида ташкил этилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон томонидан халқаро сифат стандартлари ва экологик талабларга жавоб берадиган кенг ассортиментдаги трикотаж маҳсулотлари, тайёр кийим-кечак ва енгил саноатнинг бошқа товарларини ўз ичига олган экспортга йўналтирилган маҳсулотлар тақдим этилди. Германиялик ҳамкорларга Ўзбекистон корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар номенклатураси, экспорт салоҳияти, етказиб беришнинг логистика имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Германия улгуржи компаниялари вакиллари, ўз навбатида, маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги, Европа бозори талабларига жавоб бериши ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини таъкидлаб, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди. Учрашув доирасида нархларни шакллантириш, етказиб бериш шартлари ва ўзаро ҳамкорликнинг мумкин бўлган шакллари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида томонлар мулоқотни давом эттириш, аниқ тижорат таклифларини ишлаб чиқиш ва кейинги ишбилармонлик тадбирларини ташкил этиш, жумладан, Ўзбекистон компанияларининг Германияда бўлиб ўтадиган халқаро тармоқ кўргазмалари ва бизнес-форумларда иштирок этишидан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





