Ўзбекистон–Литва ўртасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади
Ноябрь 29, 2025. 15:41 • 53 сония
• 92
РИГА, 1 декабрь. /“Дунё” АА/. Элчихона томонидан Ўзбекистон ва Литва парламентлараро дўстлик гуруҳлари раҳбар ва аъзолари ўртасида видеоалоқа форматида суҳбат ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Онлайн мулоқот жараёнида дўстлик гуруҳлари ҳамраислари –Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Анвар Тўйчиев ҳамда Литва Сейми депутати Кястутис Мажейка инвестиция, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.
Кястутис Мажейка Литва Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги йирик савдо ҳамкорларидан бири экани, бу ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар яратишини таъкидлади.
Алоҳида эътибор парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалаларига қаратилди. Гуруҳ раҳбарлари ҳар томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди.
Қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, рақамлаштириш, транспорт ва логистика, таълим, қайта тикланадиган энергия манбалари йўналишларига ҳам тўхталиб ўтилди. Томонлар мазкур йўналишлар бўйича қўшма инвестиция ва грант лойиҳаларини амалга оширишга келишиб олдилар.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида Литванинг ўзбек талабаларини Европа Иттифоқи дастурлари, Erasmus+ ҳамда Литва олийгоҳларининг стипендиялари асосида қабул қилишга тайёр экани таъкидланди. Бу академик мобиллик ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси