Тошкентда илм-фан ва инновациялар соҳасидаги Ўзбекистон-Швеция ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди
Февраль 27, 2026. 20:02 • 52 сония
• 106
ТОШКЕНТ, 28 февраль. /“Дунё” АА/. Швеция фан ва олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик жамғармаси (STINT) ижрочи директори Андреас Гётенбергнинг Ўзбекистонга амалий ташрифи доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда Ўзбекистон ва Швеция ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, олий таълим муассасаларининг институционал салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва “data-driven” инновациялар соҳасида қўшма илмий-тадқиқот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон олий таълим ва илмий муассасаларининг Европа тадқиқот ва инновацион экотизимларига интеграциялашувига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, томонлар академик мобиллик ва иқтидорли кадрларни тайёрлаш дастурларини амалга ошириш орқали илғор рақамли компетенцияларни ривожлантириш, Швециянинг инновацион тажрибаси асосида “университет – саноат” ҳамкорлигининг самарали моделларини жорий этиш, ҳамда илмий ҳамкорлик соҳасида инновацион-инвестицион шериклик имкониятларини ўрганиш бўйича фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг глобал таълим ва илмий маконда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган истиқболли лойиҳаларни илгари суриш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
