“Global Korea Post” газетаси: Амир Темур дин ва давлат вазифаларини аниқ белгилаб берган
Апрель 06, 2026. 08:15 • 3 дақ
• 140
СЕУЛ, 6 апрель. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи нашри – “Global Korea post” газетасида ёзувчи Ҳаким Сатторийнинг Соҳибқирон Амир Темурнинг Ғарб маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида ёзган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, ХV аср бошлари Европа ва бутун дунё тарихи учун муҳим сабоқлар даври бўлди. Бу, аввало, Соҳибқирон Амир Темур фаолияти билан боғлиқ эди. У Турон давлатчилиги анъаналари ва ислом ғоялари асосида жамият тафаккурини янги босқичга кўтарди.
Амир Темурнинг ёрқин шахсияти билан ўрта асрлар даври якунланиб, янги тараққиёт даврига асос солинди. У давлат раҳбари фақат ворисий ҳукмдор эмас, балки ҳарбий қўмондон, ислоҳотчи ва илм-фан ҳомийси бўлиши мумкинлигини амалда кўрсатди. Бу эса Европа учун ҳукмдор ҳақидаги тасаввурларни янгилади.
“Соҳибқирон Евроосиё ҳамкорлигини ривожлантирди. Унинг муросага асосланган сиёсати ва бунёдкорлик ишлари Шарқ ҳукмдорларига нисбатан салбий қарашларни ўзгартириб, Шарқ ва исломга қизиқишни оширди. Европада черков таъсири кучли бўлган даврда, Амир Темур давлатда дин ва давлат вазифаларини аниқ белгилаб берди. Бу ҳол кейинчалик Европада дунёвий таълим ва илм-фан ривожига замин яратди”, дея фикр юритган муаллиф.
Материалда таъкидланишича, Амир Темур давлатида диннинг давлатдан ажратилгани ҳамда салтанатда диннинг ўрни ва вазифаси аниқ белгилаб қўйилгани прогресс эди ва мазкур ҳолат Европа давлатлари бошқарувида илғор ғоянинг кириб келишига замин бўлди.
Бу борада аниқ мезонлар яратила бошланди ва у йиллар давомида такомиллашиб борди. Олдин фан, таълим черков ихтиёрида бўлса, энди бу соҳалар билан давлат шуғулланишга киришди. Шундай қилиб, ўқув юртларида дунёвий йўналиш кучайди, бу эса илм-фаннинг ривожланишига олиб келди.
Соҳибқирон шахси ва номи дунёда машҳур бўлиб кетди. “Европа халоскори” сифатида олтиндан ишланган ҳайкали Париждаги Лувр залларини безади. Инглиз драматурги Кристофер Марло “Буюк Амир Темур” (1587) трагедиясини ёзиш билан жаҳон адабиётида Амир Темур сиймосини яратиш жараёнини бошлаб берди. 1681 йилда яна бир инглиз адиби Чарльз Саундерснинг “Амир Темур” трагедияси ёзилди ва саҳнага қўйилди.
Амир Темурга холисона боққанлар уни жаҳон тарихига Европа Ренессансига таъсир ўтказган Ренессансни бошлаб берган, Европа ҳамда Россияни халос этган давлат арбоби ва саркарда сифатида тан олди, қадрлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси