Польша компаниялари 3600 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассисга эҳтиёж билдирмоқда
Март 27, 2026. 16:00 • 2 дақ
• 44
ВАРШАВА, 27 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан мамлакатимизнинг меҳнат ресурслари салоҳиятини тарғиб қилиш ҳамда поляк компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган тақдимот тадбири ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда Польшанинг “Grupa Progres”, “Gremi Personal”, “Personnel International” каби 20 дан ортиқ етакчи рекрутинг ва иш берувчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Музокаралар давомида поляк иш берувчилари Ўзбекистондаги ишчи кучини жалб этиш бўйича ўзларининг реал эҳтиёжларини маълум қилдилар. Хусусан, логистика соҳаси учун 2000 нафар, хизмат кўрсатишга 800 нафар, саноат тармоғига 600 нафар ва қурилиш соҳасига 200 нафар, жами 3600 га яқин мутахассисни ишга жойлаштириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари меҳнат миграцияси соҳасидаги икки томонлама алоқалар ҳақида ўз фикрларини билдирдилар:
Пётр Фонфара, “PRF Work” бошқаруви раиси:
— Ўзбекистон биз учун жуда қизиқарли ва истиқболли ҳамкор. Биз ўз компанияларимиз ва мижозларимиз учун Ўзбекистондан ходимларни жалб қилишга тайёрмиз. Бу борада элчихона билан яқин ҳамкорлик қилишдан умидвормиз.
Юлия Ковальчук, Польша тадбиркорлар ва иш берувчилар иттифоқи департаменти раҳбари ўринбосари:
— Икки давлат ҳукуматлари ўртасида самарали миграция сиёсатини йўлга қўйиш бўйича юқори даражадаги музокаралар кетаётгани қувонарли. Дунёнинг йигирмата йирик иқтисодиётидан бири бўлган Польша иқтисодиёти доимий ишчи кучига муҳтож ва Ўзбекистон бу масалада ишончли ечим бўла олишини кўрсатмоқда.
Анастасия Жук, “Gremi Personal” компанияси вакили:
— Ҳозирда марказий осиёлик ходимларга, хусусан, ўзбекистонликларга талаб жуда юқори. Виза тартибларини соддалаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар биз учун жуда муҳим. Келажакда Ўзбекистон фуқаролари учун виза жараёнлари максимал даражада осонлашишидан умидвормиз.
Учрашув якунида Ўзбекистон Миграция агентлиги ва унда аккредитациядан ўтган бандлик ташкилотлари иштирокида “B2B” форматидаги навбатдаги музокараларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бу эса фуқароларимизнинг Польшада хавфсиз ва тартибли меҳнат фаолиятини йўлга қўйишда муҳим қадам бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси