“Oman Daily” газетаси: Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистонни маданий ва интеллектуал уйғониш маркази сифатида намоён этмоқда
Март 20, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 93
МАСҚАТ, 20 март. /“Дунё” АА/. Ўмон ҳукуматининг расмий нашри — “Oman Daily” газетасида Ўзбекистоннинг маърифий салоҳияти ва Тошкентда очилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини очиш орқали минтақанинг тарихий илмий-маданий ролини тиклаш йўлида муҳим қадам ташламоқда. Ушбу йирик маданий лойиҳа «Янги Ўзбекистон»нинг ўзига хос рамзига айланиб, мамлакатнинг интеллектуал юксалиш борасидаги қатъиятини ифодалайди.
Нашрнинг қайд этишича, Марказ Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб илгари сурган ташаббусининг амалий ифодасидир. Давлат раҳбари ўшанда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини — илм, маърифат ва тинчлик дини сифатида дунёга намоён этиш зарурлигини таъкидлаган эди.
10 гектар майдонни эгаллаган ушбу муаззам мажмуа Темурийлар даври меъморчилиги анъаналари ва замонавий технологияларни ўзида уйғунлаштирган. «Оман» газетаси Марказни маданий ўзликни тиклаш ва ислом оламидаги интеллектуал мавқени мустаҳкамлаш стратегиясининг ажралмас қисми сифатида баҳолаган.
Марказда ноёб экспонатлар, интерактив технологиялар, бой кутубхона ва кенг илмий-таълимий майдонлар жой олган. Лойиҳа халқаро миқёсда юксак эътирофга сазовор бўлиб, Тошкентни яна бир бор ислом оламининг муҳим маданий ва интеллектуал маркази сифатида дунёга танитмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси