Халқаро тадбирда почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратини соддалаштириш таклиф қилинди
Декабрь 02, 2025. 18:55 • 2 дақ
• 287
БРЮССЕЛЬ, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Кельн ва Бельгиянинг Брюссель шаҳарларида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларнинг божхона назорати тартибларини такомиллаштириш бўйича ўтказилган ўқув семинарларида юртимиз вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон божхона идоралари мутахассисларидан иборат делегация ўқув семинарларда соҳадаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, Жаҳон савдо ташкилотининг “Савдо тартиботларини соддалаштириш битими” 7.8-моддаси талабларини мувофиқлаштириш масалаларида ўз тажрибаларини бойитди.
Тадбир давомида йирик халқаро курьерлик ташкилотлари UPS – United Parcel Service, DHL – Dalsey, Hillblom and Lynn ҳамда Жаҳон божхона ташкилоти вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Унда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назорати жараёнини янада соддалаштириш ва такомиллаштириш, Жаҳон божхона ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар берилди.
Мулоқот жараёнида глобаллашув жараёнида электрон тижорат соҳаси жадал ривожланиб бораётгани, бунда электрон платформалар орқали харид қилинган товарлар халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали харидорга етказиб берилаётгани хусусида фикр-мулоҳаза алмашилди.
Вакилларимиз 2025 йилнинг ўтган даврида Ўзбекистонга олиб келинган халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг сони 2020 йилга нисбатан 9 баробарга ёки 6,8 миллион донага ошгани қайд этди. Бу эса, соҳадаги тартибларни янада соддалаштириш, замонавий ахборот технологияларини жалб этиш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш заруратини юзага келтиради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси