Россиянинг Олтой ўлкасида ишлаётган ватандошларнинг мавжуд муаммо ва камчиликлари ҳал этилди
Февраль 05, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 64БИЙСК, 5 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари Бийск шаҳридаги “ЭКС компаниялар гуруҳи” АЖ раҳбарияти билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Россиянинг Сибир федерал округи, жумладан, Олтой ўлкасидаги турли корхоналарда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимизга нисбатан салбий ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган ушбу учрашувда ҳамюртларимизнинг меҳнат фаолияти, иш ҳақи, яшаш тарзи, мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида фикр-мулоҳаза алмашди.
“ЭКС компаниялар гуруҳи” АЖ объектларида бугунги кунда Андижон, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан жами 600 нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси арматурачи, монтажчи, сувоқчи, юк автомобиллари, тиркамалар ҳайдовчиси ва бошқа мутахассисликлар бўйича меҳнат қилмоқда.
Мазкур компаниянинг қурилиш майдонларида юртдошларимизнинг иш ва яшаш шароитлари атрофлича муҳокама қилиниб, Россия томонининг меҳнат фаолиятига тизимли ёндашуви, яратилган шароитлар ва меҳнат хавфсизлиги тизимлари ўрганилди.
Россия компанияси раҳбариятининг ватандошларимиз билан тузилган меҳнат шартномасининг иш ҳақини ўз вақтида тўлаш, барча зарур рўйхатдан ўтиш тартиб-қоидаларидан ўтгандан сўнг ҳужжатларни қайтариш, иш берувчи томонидан хавфсизлик техникасини таъминлашга оид бандларини бажармаслик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бош консул компанияда ишлаётган фуқароларимиз билан тузилган меҳнат шартномаларини батафсил ўрганиб чиқди.
Уларни ишга қабул қилиш ва меҳнат фаолиятини ташкил этишда қатор жиддий камчиликлар аниқланди. Шу билан бирга, Россия томонининг эътибори сўнгги пайтгача ушбу компания томонидан тушликка иссиқ таомларни етказиб бериш жараёни йўлга қўйилмагани, компания ошхоналаридаги навбатларни қисқартириш чоралари кўрилмагани, монтажчилар хавфсизлик камарлари билан таъминланмаганига қаратилди.
Мазкур корхонада меҳнат фаолиятини амалга ошираётган беш нафар Ўзбекистон фуқароси мулоқот чоғида бетоблиги туфайли зудлик билан Ўзбекистонга қайтиш истагини билдирган.
Бош консул ватандошларимизга “Новосибирск–Тошкент” йўналиши бўйича авиачипталарни иш берувчи ҳисобидан сотиб олиш ташаббуси билан чиқди.
Шу билан бирга, компания раҳбарияти Бош консулнинг мурожаатидан сўнг, Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган фуқароларимиздан бирига иш фаолиятида олган жароҳати учун 100 минг рубль (1300 АҚШ доллари) миқдорида товон пули тўлашга рози бўлди. Ярим соат ичида ушбу товон пули жабрланувчига тўлиқ миқдорда тўлаб берилди.
Юқоридаги беш нафар Ўзбекистон фуқароси “S7 Airlines” авиакомпанияси томонидан Ватанга қайтади.
Компания раҳбарияти Бош консулнинг барча фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, келгусида Ўзбекистон фуқароларига нисбатан салбий ҳолатлар юзага келмаслиги учун барча чора-тадбир ва саъй-ҳаракатларни кўришга ваъда берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



