Ўзбекистонлик талабалар Венгрияда ўтказиладиган халқаро кейс-танловда иштирок этишга таклиф этилмоқда
Март 12, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 105
БУДАПЕШТ, 12 март. /“Дунё” АА/. Элчихона дипломатлари Венгрия қишлоқ хўжалиги университети (MATE) халқаро алоқалар координатори Жофия Штейнер билан мулоқот ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокара давомида Ўзбекистон ва Венгрия талабалари ўртасида илмий ва академик беллашувларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жофия Штейнернинг сўзларига кўра, халқаро ҳамкорлик ва таълим ташаббуслари доирасида МАТЕ Венгриянинг “Bonafarm Group” корпорацияси билан ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон ва бошқа мамлакат талабалари иштирокида халқаро талабалар танлови ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу танлов талабаларга ҳақиқий корпоратив вазифалар билан ишлаш, жамоада тажриба орттириш, академик мутахассислар ва соҳа профессионалларидан фикр-мулоҳаза олиш имконини беради. Иштирокчилар муаммоларни ҳал қилиш, тақдимот кўникмалари ва халқаро муҳитда профессионал мулоқот кўникмаларини ривожлантириш борасида ҳам билимга эга бўлади.
Венгрия университети Тошкент давлат аграр университети ҳамда Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида таълим олувчи талабаларини ушбу танловда иштирок этишга таклиф этди.
Уч босқичда ташкил этиладиган беллашувда ҳар бир жамоа уч талаба ва бир нафар раҳбардан иборат бўлиши керак. Иштирокчилар қўшимча маълумот ва рўйхатдан ўтиш учун университет (casecompetition@uni-mate.hu, Toth.Adrienn@uni-mate.hu) электрон почтаси орқали мурожаат қилиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси