Logo

Тошкент – Рига йўналишида янги юк ташувчи авиарейс йўлга қўйилди

Январ 28, 2026. 08:15 • 2 дақ

128
Тошкент – Рига йўналишида янги юк ташувчи авиарейс йўлга қўйилди

РИГА, 28 январь. /“Дунё” АА/. Шу йилнинг 26 январь куни Рига шаҳри Халқаро аэропортида “Fly Khiva” ўзбек авиакомпанияси томонидан Тошкент – Рига йўналиши бўйича юк ташувчи авиарейсларни йўлга қўйишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир доирасида “Fly Khiva” авиакомпаниясининг Латвия пойтахтига биринчи юк ҳаво кемасининг тантанали кутиб олиниши ташкил этилди.

Унда Латвия транспорт вазири ўринбосари Андулис Жидковс, Рига аэропорти директори Лаила Одиня, Почта директори ўринбосари Гиртс Рудзинс ва Божхона хизмати раҳбари Раимондс Зукус иштирок этди.

2024 йилнинг май ойида Элчихона томонидан Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш доирасида “Fly Khiva” маҳаллий авиакомпанияси бош директори Дилшод Хўжаев бошчилигидаги делегациянинг Латвияга ташрифи ташкил этилиб, юк ҳаво қатновларини йўлга қўйиш бўйича амалий ишлар бошланган эди.

Латвия томонининг маълумотига кўра, янги авиайўналишнинг очилиши Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Латвия транспорт вазири ўринбосари А.Жидковс Тошкент ва Рига ўртасидаги тўғридан-тўғри юк-авиақатновларнинг жорий этилиши Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги муҳим логистика маркази сифатидаги ўрни янада мустаҳкамланаётганини таъкидлади.

“Fly Khiva” авиакомпанияси Тошкент – Рига йўналиши бўйича юк рейсларини ҳафтасига бир марта мунтазам равишда амалга оширишни режалаштирмоқда. Ташилаётган юкларнинг асосий қисмини юртимизнинг Европа Иттифоқи мамлакатларига мўлжалланган экспорт маҳсулотлари, почта ва тижорат жўнатмалари ва Хитойнинг “TEMU”, “AliExpress” ва бошқа халқаро электрон савдо платформалари орқали берилган буюртмалар ташкил этади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo AA

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш