Logo

“The Gulf Observer”: Амир Темур ва Темурийлар мероси дунё эътирофида

Апрель 16, 2026. 10:22 • 2 дақ

96
“The Gulf Observer”: Амир Темур ва Темурийлар мероси дунё эътирофида

ИСЛОМОБОД, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Gulf Observer” электрон нашрида Тошкентда бўлиб ўтган Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман ҳақида мақолани эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Тошкент шаҳрида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Амир Темур ва Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди, – дейилган мақола аввалида. – Ушбу нуфузли анжуман Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилди”.

Нашрда ёзилишича, ушбу халқаро илмий-амалий анжуман миллий меросни чуқур ўрганиш, уни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш ҳамда Темурийлар даври илмий-маънавий ютуқларини замонавий илм-фан нуқтаи назаридан қайта баҳолашга қаратилган муҳим илмий мулоқот майдони ҳисобланади.

“Анжуманнинг тантанали очилиш маросими юқори савияда ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, етакчи олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатик корпус аъзолари иштирок этди. Маросимда сўзга чиққанлар Амир Темур шахси ва унинг давлатчилик анъаналари, адолат ва кучли марказлашган бошқарув тизимини яратишдаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, Темурийлар даврида илм-фан, маданият ва санъатнинг юксак тараққий этгани, бу мерос бугунги кунда ҳам жаҳон цивилизацияси тараққиётига хизмат қилаётгани қайд этилди”, деб таъкидланган манбада.

Хабар қилинганидек, конференцияда дунёнинг қатор мамлакатларидан, жумладан Туркия, Франция, Италия, Германия, АҚШ, Буюк Британия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардан келган етакчи олимлар, тарихчилар, шарқшунослар, археологлар ва сиёсатшунослар қатнашиб, бир қатор устувор мавзуларни муҳокама қилди. 

“The Gulf Observer” мақоласи охирида ёзилганидек, “Ушбу халқаро тадбир тарихий меросни тарғиб қилиш билан бирга, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, илмий тадқиқотларни рағбатлантириш ва янги илмий йўналишларни шакллантиришга хизмат қилди”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш