Ўзбекистонга Красноярск ўлкасидан сайёҳлар сони янада оширилади
Апрель 16, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 133
НОВОСИБИРСК, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Россиянинг Красноярск ўлкаси туризм соҳасини ривожлантириш бўйича масъул идоралари вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг Новосибирск шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Туризм қўмитаси масъул ходимлари, Красноярск ўлкаси туризм агентлиги раҳбарияти ҳамда Россия Маданият вазирлиги вакиллари иштирок этди.
Красноярск ўлкаси Туризм агентлиги директори Елена Недбайло ўлка аҳолисининг Ўзбекистонга, айниқса туристик мақсадларда ташриф буюришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу жараёнга қарийб 20 та тўғридан-тўғри авиақатновлар ҳам хизмат қилмоқда.
Россия томони Ўзбекистон ва Красноярск ўлкаси туроператорлари ўртасида инфо-турлар алмашинувини йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди. Шунингдек, ўзбекистонлик туроператорлар 2026 йил июль ойи бошида Красноярск ўлкасида ўтказиладиган “Сибир дунёси” халқаро этник мусиқа ва ҳунармандчилик фестивалида иштирок этишга таклиф этилди.
Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий мероси ва туризм салоҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, Россия Ўзбекистон учун туризм соҳасидаги стратегик ҳамкор ҳисобланади. Республикага россиялик сайёҳлар оқими анъанавий равишда бошқа узоқ хориж давлатларидан келувчи меҳмонлар сонига нисбатан 1,5–2 баробар кўпни ташкил этади. Айниқса, Красноярск ўлкасидан келувчи сайёҳлар сонини ошириш учун Ўзбекистонда барча зарур шароитлар яратилган.
Учрашув давомида Россия томони Ўзбекистон Туризм қўмитасининг 2026 йил ёзида Красноярск шаҳрида “роуд-шоу” – мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг кўламда намойиш этиш бўйича таклифини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, қўшма “Ҳаракатлар режаси”ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси