Ўзбекистон тажрибаси БМТ Аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича комиссиясининг 59-сессиясида тақдим этилди
Апрель 16, 2026. 08:15 • 2 дақ
• 184
НЬЮ-ЙОРК, 16 апрель. /“Дунё” АА/. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида БМТ Аҳолишунослик ва ривожланиш комиссиясининг 59-сессияси ўз ишини бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Аҳоли, технологиялар ва барқарор ривожланиш шароитида тадқиқотлар” мавзусига бағишланган ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги делегацияси иштирок этмоқда. 17 апрелга қадар давом этадиган сессия доирасида мамлакатимизнинг демографик жараёнларни бошқариш ва рақамли трансформация соҳасидаги муваффақиятлари халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этилди.
Делегация чиқишида таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 38 миллион нафардан ошган бўлиб, унинг 55 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Шу муносабат билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида инсон капиталига сармоя киритиш, хотин-қизлар ва ёшлар имкониятларини кенгайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Айниқса, 1989 йилдан буён илк бор ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни илк марта тўлиқ рақамли технологиялар асосида амалга оширилгани юқори баҳоланди.
Ўзбекистон вакиллари халқаро мажбуриятларга, хусусан, Аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича халқаро конференция (ICPD) Ҳаракатлар дастурига содиқлигини яна бир бор тасдиқладилар. Таъкидланганидек, рўйхатга олиш натижасида олинган тизимли маълумотлар соғлиқни сақлаш, таълим ва бандлик соҳаларида манзилли қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича комиссия БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг (ЭКОСОС) асосий органларидан бири бўлиб, 47 та аъзо давлатни бирлаштиради. У демографик тенденцияларнинг барқарор ривожланишга таъсирини таҳлил қилиш ва 2030 йилгача бўлган кун тартибини мувофиқлаштириш учун масъул ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ушбу майдондаги фаол иштироки мамлакатимизнинг глобал демографик сиёсат марказидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси