“The World News”: Ўзбекистон Президенти маҳалла одамлар учун чинакам ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айланиши зарурлигини таъкидлади
Июль 21, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 178
ИСЛОМОБОД, 21 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” оммабоп онлайн нашри Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда «маҳалла еттилиги» фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилишига бағишланган мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, йиғилишда маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва «еттилик» масъулиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти маҳалла одамлар учун чинакам ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айланиши зарурлигини таъкидлади.
Мақолада маҳалла бошқарувини самарали ташкил қилиш бўйича Ўзбекистон Президенти фармони имзолангани, унга кўра, маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши кераклиги таъкидланган
«Энди ҳар бир маҳалла раиси ўз ҳудудининг иқтисодий ва ижтимоий буюртмасини шакллантиради. Бунда муаммо аниқ ҳисоб-китоб қилинади, лойиҳа тайёрланиб, масъул ташкилотларга вазифа қўйилади. Маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади», – дейилган мақолада.
Шунингдек, материалда, Ўзбекистон раҳбари маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда ташаббускор бўлиши зарурлигини таъкидлагани урғуланган. Бундай лойиҳалар учун “маҳалла еттилик”ларига 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Ушбу мақсадлар учун жами 240 миллиард сўм ресурс шакллантирилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши шартлигини алоҳида қайд этди, деб таъкидланган.
Покистон электрон нашри ёзганидек, Ўзбекистонда 2026 йил «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилинган. Шунингдек, бу йил Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз» деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланади. Ўзбекистон хақининг Энг улуғ, энг азиз байрамини маҳаллаларда кўтаринки руҳда ўтказиш учун «Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги» эълон қилинган.
«The World News» онлайн нашри тарқатган мақола якунида йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ахборотлари тинглангани ва маҳалла вакиллари билан мулоқот қилингани тўғрисидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига тақдим қилинган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси