“Travel Tomorrow”: Ўзбекистон дунёнинг энг тез ривожланаётган туристик йўналишлари қаторидан жой олди
Декабрь 24, 2025. 12:53 • 2 дақ
• 1207
БРЮССЕЛЬ, 26 декабрь. /“Дунё” АА/. Сайёҳлар орасида оммабоп бўлган Бельгиянинг “Travel Tomorrow” нашрида Ўзбекистонда туризм соҳасининг жадал ўсишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон расман дунёдаги энг тез ривожланаётган туристик йўналишлар қаторидан ўрин олди ва глобал туризм харитасидаги ўз мавқейини шиддат билан мустаҳкамлаётганини тасдиқлади. “UN Tourism” (БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти) томонидан эълон қилинган сўнгги таҳлилий маълумотларга кўра, мамлакат 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида халқаро сайёҳлар оқими ўсиш суръатлари бўйича дунёнинг етакчи етти йўналиши рўйхатига кирди.
“Статистика шуни кўрсатадики, Ўзбекистонга ташриф буюрган халқаро сайёҳлар сони 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 73 фоизга ошган. Бу кўрсаткич мамлакатга пандемиядан кейинги тикланиш жараёнида фавқулодда натижаларга эришган давлатларнинг тор доирасига кириш имконини берди. Фақат бир неча давлатгина бундан юқори натижа қайд этган: Бутан (203% ўсиш билан етакчи), Қатар (138%), Сальвадор (88%), Албания (83%) ва Баҳрайн (76%)”, - дея ёзилган мақолада.
Мақолада Ўзбекистон туризм секторидаги ушбу ўсиш кенг кўламли ислоҳотлар ва барқарор инвестициялар натижаси эканига эътибор қаратилади. Виза режимининг либераллаштирилиши кўплаб давлатлар фуқаролари учун саёҳатни осонлаштирди, авиация қатновлари ва транспорт инфратузилмасининг ривожланиши эса йўналишнинг очиқлигини оширди.
“Ўзбекистон яқин йиллар учун туризмни ривожлантиришнинг улкан, аммо пухта ўйланган стратегиясини белгилаб олди. 2030 йилга бориб мамлакат ҳар йили 15 миллионгача сайёҳни қабул қилишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси объектлари ва табиий муҳитнинг сақланишини таъминлайди”, - дея қайд этилган нашрда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси