Таиландда Ўзбекистон миллий туризм салоҳияти намойиш этилди
Январ 26, 2026. 08:00 • 41 сония
• 84
БАНГКОК, 26 январь. /“Дунё” АА/. Бангкок шаҳрида 31-Таиланд халқаро сайёҳлик ярмаркасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти кенг намойиш этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу халқаро тадбирда Ўзбекистон бош консулхонаси, “Uzbekistan Airways” АЖ ва ўзбекистонлик туроператорлар вакиллари иштирок этди.
Кўргазмада 600 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, халқаро ва маҳаллий авиакомпаниялар, сайёҳлик агентликлари, туризмни тарғиб қилувчи ташкилотлар, меҳмонхоналар тармоғи ўз сайёҳлик маҳсулотлари ва тарғибот нашрларини намойиш этди. Икки кун давом этган кўргазма қарийб 150 минг иштирокчини қамраб олди.
Ярмаркада Ватанимизнинг бой маданий мероси, нафис тарихий обидалари, бетакрор миллий меъморчилиги, халқимиз миллий либослари ва ҳунармандчилик намуналари тақдим қилинди.
Республикамизнинг гастрономик ва зиёрат туризм соҳасидаги жозибадорлиги ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. “Ўзбекистон” стенди иштирокчилари миллий ўзбек либосларини кийиб кўриб, мамлакатимиз маданиятини яқиндан ҳис этиш имконига эга бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
