Ўзбекистон ва Қозоғистон атмосферанинг трансчегаравий ифлосланишини камайтириш ва минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузмоқда

Июль 10, 2026. 12:00 • 2 дақ

15
Ўзбекистон ва Қозоғистон атмосферанинг трансчегаравий ифлосланишини камайтириш ва минтақадаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузмоқда

ОСТОНА, 10 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Қозоғистон атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва трансчегаравий ҳаво ифлосланишини камайтириш соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди, хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Восточный экспресс 24” порталига таяниб.

Порталда ёзилишича, музокаралар чоғида атмосфера ҳавоси ҳолатини мониторинг қилиш, илмий маълумотлар алмашиш ҳамда “Тоза ҳаво” лойиҳасини биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, мазкур ташаббус жорий йил апрель ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари томонидан қўллаб-қувватланган.

Мулоқот давомида ҳаво сифати мониторинги тизимини такомиллаштириш, хусусан, “PM2.5” ва “PM10” майда дисперсли заррачалар миқдорини кузатиш, атмосфера ҳаво оқимлари орқали ифлослантирувчи моддалар тарқалишининг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ҳаво ифлосланишига қарши самарали курашиш учун илмий ҳамкорликни кучайтириш, маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш ва мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон ва Қозоғистон олимлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш