Ўзбекистон элчиси Бразилия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Июль 10, 2026. 11:30 • 3 дақ

139
Ўзбекистон элчиси Бразилия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

БРАЗИЛИА, 10 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг қароргоҳи Вашингтонда жойлашган элчиси Фурқат Сидиқов Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силвага ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“Итамарати” расмий тадбирлар саройида бўлиб ўтган тантанали маросимда Бразилия Ташқи ишлар вазирлиги ва Президент маъмурияти вакиллари иштирок этди.

Мулоқот чоғида Бразилия Президенти Ўзбекистон Президенти ва бутун ўзбек халқига ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказишни сўради.

Бразилия томони Ўзбекистонни истиқболли ва ишончли ҳамкор сифатида кўришини таъкидлаб, икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Шу билан бирга, олий даражадаги сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат ўртасидаги амалий ўзаро ҳамкорликни янада бойитиш масаласида фикр-мулоҳаза алмашилди.

Мезбонлар БМТ, БРИКС ва бошқа халқаро майдонларда Бразилия ташаббусларини изчил қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистонга миннатдорчилик билдирди.

Ушбу ташриф доирасида элчи Фурқат Сидиқов Бразилия ташқи ишлар вазири Мауру Виейра, Тараққиёт, саноат, савдо ва хизматлар вазирлиги раҳбари, Президент маслаҳатчиси Рожериу Зербоне, ташқи ишлар вазири ўринбосари Сержиу Клибанк ҳамда “ApexBrasil” давлат агентлиги президенти Жорже Виана билан икки томонлама музокаралар ўтказди.

Учрашувлар давомида юқори даражадаги ташриф ва қўшма лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш, Савдо-иқтисодий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш, тижорат алоқаларини ривожлантиришда Рио-де-Жанейрода очилган Ўзбекистоннинг биринчи Савдо уйидан кенг фойдаланиш ва унинг фаолиятига кўмаклашиш бўйича ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Томонлар ўзбек минерал ўғитлари экспортини ташкил этиш, геология, олий таълим ва спорт соҳаларида ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзбек маҳсулотларининг Бразилия бозорига киришини кенгайтириш ҳамда бошқа соддалаштирилган тартибларни қўллашни назарда тутувчи қатор келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Бразилия ҳукумати кўмагида мамлакатнинг етакчи компаниялари билан музокаралар жадвалини тайёрлаш, ўзаро ташрифларни уюштириш ва сармоявий таклифларни ишлаб чиқиш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, элчи Фурқат Сидиқов 2023 йил май ойида Ўзбекистоннинг Америкадаги элчиси сифатида АҚШ Президенти Жозеф Байденга ишонч ёрлиқларини тақдим этган эди.

2026 йилнинг октябрь ойида Фурқат Сидиқов Бразилиянинг АҚШдаги элчисига қароргоҳи Вашингтонда жойлашган ҳолда Бразилияга элчи этиб тайинлангани тўғрисидаги ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

2024 йил июнь ойида Фурқат Сидиқов Ўзбекистоннинг Канададаги элчиси сифатида Канада генерал-губернатори Мэри Саймонга ҳам ишонч ёрлиқларини топширган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш