Ўзбекистон ва Венгрияда Маданият, фан ва инновациялар йилини ўтказишга тайёргарлик фаоллаштирилади
Март 14, 2026. 12:40 • 2 дақ
• 75
БУДАПЕШТ, 14 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Будапештда Венгрия Маданият ва инновация вазирлигининг маданий алоқалар бўйича давлат котиби Анита Киш-Хедьи билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув 2025-йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Венгрия раҳбарлари томонидан эълон қилинган 2026-йилда икки мамлакат ўртасида Маданият, фан ва инновациялар йилини ўтказишга тайёргарлик кўриш доирасида бўлиб ўтди.
Томонлар икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш, маданият, фан ва инновациялар соҳасидаги алмашинувларни кенгайтиришга қаратилган қўшма маданий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Венгрия жамоатчилигини Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси билан таништиришга қаратилган йирик маданий тадбирларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар чоғида бўлажак ташрифларни мувофиқлаштириш ва икки мамлакат тегишли идораларининг ўзаро ҳамкорлиги масалалари ҳам кўриб чиқилди. Маданий мулоқотни фаоллаштириш, ижодий алоқаларни кенгайтириш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани қайд етилди.
Томонлар Маданият, фан ва инновациялар йилининг ўтказилиши Ўзбекистон-Венгрия муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлишига ва икки мамлакат ўртасидаги шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси