Ўзбекистон ва Венгрия таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Ноябрь 13, 2026. 12:30 • 2 дақ

• 102
Ўзбекистон ва Венгрия таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда

БУДАПЕШТ, 13 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг Таълим ва болалар ишлари вазирлигида Европа Иттифоқи ва халқаро муносабатлар масалалари бўйича давлат котиби ўринбосари Каталин Куркуч билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда мактаб, профессионал ва олий таълим соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, тажриба алмашиш, идоралараро ва олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, қўшма таълим лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар икки мамлакатнинг соҳавий ўқув муассасалари ўртасидаги шерикликни мустаҳкамлаш, академик мобилликни кенгайтириш ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали кадрларни тайёрлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Мулоқот чоғида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик динамикаси ижобий баҳоланиб, таълим муассасалари ўртасида мунтазам мулоқотни давом эттириш орқали Ўзбекистон-Венгрия шериклигини янада ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилди.

Музокаралар якунида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тажриба алмашишни кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўзаро интилишлар тасдиқланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш