Logo

Ўзбек-немис иқтисодий ҳамкорлигида янги лойиҳалар амалга оширилади

Декабрь 02, 2025. 17:46 • 2 дақ

173
Ўзбек-немис иқтисодий ҳамкорлигида янги лойиҳалар амалга оширилади
Ўзбек-немис иқтисодий ҳамкорлигида янги лойиҳалар амалга оширилади

ТОШКЕНТ, 3 декабрь. /“Дунё” АА/. Германия иқтисодиётининг Шарқий қўмитаси ижрочи директори Михаел Хармс бошчилигида немис тадбиркорларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

АКТ соҳасида фаолият юритаётган немис тадбиркорлари ташриф доирасида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси, Инвестициялар, саноат ва савдо ҳамда Рақамли технологиялар вазирликлари, “IT Park Uzbekistan”, “Ўзавтосаноат” АЖ, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва қатор компанияларда учрашувлар ўтказди.

Михаел Хармс Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев билан учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш ҳамда саноат, инвестиция ва савдо соҳаларида ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини ишлаб чиқишга доир чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, ГФР Ишлаб чиқариш ресурслари, харидлар ва логистика бўйича федерал иттифоқи (BME), дастурий таъминот ва рақамли ечимлар ишлаб чиқиш бўйича етакчи компания “EPAM Systems”, немис тили бўйича халқаро сертификатлаш маркази “Telc” каби нуфузли ташкилотлар вакиллари билан суҳбат бўлиб ўтди.

Мулоқот жараёнида Германиянинг янги компанияларини Ўзбекистон бозорига кириб келиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизда фаолият юритаётган немис инвесторларининг иштирокини кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Германия бизнес доира вакиллари саноатни модернизация қилиш, яшил энергетика, юқори технологияли ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларига катта қизиқиш билдирди.

Учрашувда мазкур ташриф Ўзбекистон ва Германия ўртасида 2024 йил Самарқанд шаҳрида имзоланган 2024–2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик ва саноат кооперацияси дастури доирасида ташкил этилгани қайд этилди.

Якунда томонлар ўзбек-немис иқтисодий ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади. Бу каби амалий учрашувларни мунтазам давом эттириш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини барқарор ривожлантиришга хизмат қиладиган янги бизнес лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш