Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида Англашув меморандуми имзоланганини олқишлайди

Июнь 19, 2026. 16:30 • 2 дақ

115
Ўзбекистон АҚШ ва Эрон ўртасида Англашув меморандуми имзоланганини олқишлайди

ТОШКЕНТ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун АҚШ ва Эрон ўртасида Англашув меморандуми имзолангани муносабати билан расмий баёнот берди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

“Ўзбекистон Республикаси Америка Қўшма Штатлари ва Эрон Ислом Республикаси ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланганини ҳозирги мураккаб халқаро шароитда кескинликни юмшатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги муҳим дипломатик ютуқ сифатида олқишлайди, – дейилади баёнотда. – АҚШ ва Эрон раҳбариятининг ҳал қилувчи паллада кўрсатган сиёсий иродаси ва узоқни кўра билишини алоҳида эътироф этамиз. Эришилган келишув халқаро ҳамжамият узоқ вақтдан буён кутган тинчлик йўлидаги барқарор ечим учун мустаҳкам замин яратади.

Ушбу муҳим ўзаро англашувга эришиш учун зарур шароитларни шакллантиришга ҳисса қўшган Покистон ва Қатарнинг катта ҳиссасини, шунингдек Туркия, Саудия Арабистони, Миср ва бошқа минтақавий ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон музокараларнинг кейинги босқичлари конструктив руҳда давом этиши ва эришилган келишувлар самарали амалга оширилишига умид қилади.

Низо ва қарама-қаршиликларни халқаро ҳуқуқ тамойиллари, ўзаро ҳурмат ва барча томонлар манфаатларини инобатга олган ҳолда дипломатик воситалар орқали ҳал этиш тинчлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шарти бўлиб қолишига ишонамиз”.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш