2025 йилда Ўзбекистондан Польшага 136 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилинган
Январ 19, 2026. 09:02 • 3 дақ
• 111
ВАРШАВА, 19 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан экспорт салоҳиятини ошириш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида мамлакатимиздаги экспортёр компаниялар вакиллари билан онлайн учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу онлайн мулоқотдан кўзланган мақсад – Европа, хусусан, Польша бозорига экспорт қилаётган ёки кириш истагида бўлган тадбиркорларни Польшада узоқ йиллик амалий тажрибага эга бўлган ватандош тадбиркорлар билан таништириш, уларнинг иш юритишдаги ёндашувлари, амалий тажрибаси, маслаҳат ва кўрсатмалари билан бўлишиш.
Тадбирда Элчихона дипломатлари, Польшадаги ўзбек тадбиркорлари уюшмаси раҳбари Низомиддин Абдуллаев, “Bombacio” компанияси раҳбари Шерзод Қодиров, “Torva Europe” компанияси раҳбари Бекзод Тўрақулов, мамлакатимиздаги вилоят ва туман ҳокимликлари, Экспортни ривожлантириш агентлиги масъул вакиллари ҳамда ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирок этди.
Суҳбат жараёнида Польшага экспорт йўналишида олиб борилаётган ишлар, натижалар ва режалар ҳақида фикр-мулоҳаза алмашилди. Йил сайин Ўзбекистон маҳсулотларининг Европага экспорти ҳажми ўсиб бораётгани таъкидланиб, асосий йўналишлар бўйича статистик маълумотлар тақдим этилди.
2025 йилда Ўзбекистондан Польшага 136 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилингани, ушбу кўрсаткич бўйича Польша Европа давлатлари ичида 3-, бутун дунё мамлакатлари ичида 19-ўринда экани алоҳида қайд этилди.
Экспорт таркибида асосий улуш тўқимачилик маҳсулотлари (41,4 миллион доллар), металл ва металл буюмлар (39,3 миллион доллар), озиқ-овқат маҳсулотлари (14 миллион доллар), ёқилғи-энергетика ва нефть маҳсулотлари (7 миллион доллар) ҳиссасига тўғри келади.
2025 йил 24 октябрда Брюссель шаҳрида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзолангани айтилиб, мазкур ҳужжат икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун муҳим ҳуқуқий асос экани қайд этилди.
Низомиддин Абдуллаев ўз чиқишида уюшма фаолияти, ўзбек экспортёрлари учун мавжуд имкониятлар, омборхоналардан фойдаланиш, ҳужжатларни расмийлаштиришдаги қулайликлар ҳамда тадбиркорлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳақида маълумот берди.
Шерзод Қодиров Европа бозорига чиқишда тадбиркорлар томонидан бозорнинг етарлича таҳлил қилинмаслиги, узоқ муддатли стратегиянинг мавжуд эмаслиги, шунингдек Европа талабларига мос экспорт сертификатларининг етишмаслиги асосий муаммолар эканини таъкидлади. Ушбу муаммони бартараф этиш учун давлат томонидан сертификатлаш жараёнларини қўллаб-қувватлаш, имтиёз ва субсидиялар жорий этиш таклиф этилди. Бу ўз навбатида экспорт ҳажмини 3-4 баробар ортишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.
Беҳзод Тўрақулов Польша қонунчилиги ва бозор талаблари ҳақида маълумот бериб, онлайн савдога алоҳида эътибор қаратиш, Европа бозорини мунтазам таҳлил қилиб бориш, электрон почта орқали ёзишмалар маданиятига риоя қилиш, тўлиқ ва сифатли тижорат таклифларини тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилиш савол-жавоб кўринишида давом эттирилиб, сертификат турлари, виза масалалари, Польшадаги омборхоналардан фойдаланиш имкониятлари ва бошқа амалий масалалар муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси