Logo

Деҳлида Ўзбекистон элчиси ва Ражастҳан поло клуби раҳбари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

Март 23, 2026. 11:00 • 2 дақ

71
Деҳлида Ўзбекистон элчиси ва Ражастҳан поло клуби раҳбари ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди

ДЕҲЛИ, 23 март. /«Дунё» АА/. Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев ва Ражастҳан штати поло клуби (Rajasthan Polo Club) раҳбари Викрамадитья Сингҳ ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Томонлар ушбу оммабоп спорт тури бўйича икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Поло федерацияси ва Ражастҳан поло клуби ўртасида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат поло спорт турини икки мамлакатнинг умумий маданий ва спорт мероси сифатида қайта тиклаш ҳамда оммалаштиришга қаратилган узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Меморандум ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини, жумладан, қўшма халқаро турнирларни ташкил этиш, мураббийлар, ҳакамлар ва техник ходимлар ўртасида тажриба алмашиш, шунингдек, болалар ва ўсмирлар полосини ривожлантириш бўйича дастурларни амалга оширишни қамраб олган.

Меморандумда машғулотлар методикаси, отларни парвариш қилиш стандартлари ва спорт тадбирларини бошқариш бўйича илғор тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Меморандумнинг имзоланиши гуманитар ва спорт алоқаларини кенгайтиришда муҳим қадам ҳисобланади.

Суҳбат давомида ушбу қадам ҳиндистонлик полочилар «юраги» бўлмиш Ражастҳаннинг бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистонда полони профессионал даражага олиб чиқиш, «спорт дипломатияси» учун янги платформа яратиш учун имкониятлар яратиши таъкидланди.

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги дипломатик миссияси икки мамлакатнинг спорт ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг ижобий динамикасини қўллаб-қувватлаган ҳолда, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон шахмат федерацияциялари ўртасида мазмунли муносабатлар йўлга қўйилди. Ҳиндистон томони Ўзбекистон миллий спорт турлари - кураш ва белбоғли кураш бўйича миллий ва халқаро мусобақалар ўтказилишини фаол қўллаб-қувватламоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, Ўзбекистон маданий меросини халқаро майдонда оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Спорт федерациялари ва клублари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлик муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб, нафақат тажриба алмашиш ва спорт маҳоратини оширишга, балки икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ҳам асос бўлмоқда.

Поло Марказий Осиёда чуқур тарихий илдизларга эга. Жайпур клуби билан ушбу келишувнинг имзоланиши асрлар давомида Буюк ипак йўли халқларини бирлаштириб келган оммабоп ўйиннинг асл илдизларига рамзий қайтишдир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш