Logo

Покистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий алоқалар ҳақида ёзмоқда

Март 23, 2026. 10:00 • 3 дақ

107
Покистон оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий алоқалар ҳақида ёзмоқда

ИСЛОМОБОД, 23 март. /“Дунё” АА/. Покистоннинг «Global News Pakistan», «Pakistan In The World», «The Gulf Observer», «The Diplomatic Insight», «Infora News» ва «The world News» каби оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий алоқаларга бағишланган мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий алоқалар икки мамлакатни боғлаб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади, – дейилади мақолалар аввалида. – Ушбу ҳамкорлик халқлар ўртасидаги тарихий, маънавий ва маданий яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда маданият соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, турли фестиваллар, концертлар, кино тадбирлари ва театр гастроллари орқали янада фаоллашди».

Нашрда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари ўртасидаги самимий ва илиқ муносабатлар ҳам мазкур ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, маданий тадбирларда биргаликда иштирок этиши ҳамда маданият ва санъатни қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматни янада кучайтириб, маданий алоқаларнинг янги босқичда ривожланишига туртки бермоқда.

Материалларда сўнгги тўрт йил давомида Ўзбекистон маданият вазири ва унинг ўринбосарлари Тожикистонга 11 марта ташриф буюрган бўлса, Тожикистон маданият вазири ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистонга 8 марта ташриф амалга оширгани маълум қилинган. Бу эса икки давлат ўртасидаги маданий алоқалар изчил ривожланаётганини кўрсатади.

«Ҳамкорлик доирасида қатор йирик маданий тадбирлар ҳам ўтказилди. Жумладан, Душанбе шаҳрида бир неча бор «Ўзбекистон маданияти кунлари», Тошкент шаҳрида эса «Тожикистон маданияти кунлари» ташкил этилди. Шунингдек, «Дўстлик кечаси» номли концерт дастурлари ҳам икки мамлакатда ўтказилиб, унда икки давлат раҳбарлари ҳам иштирок этди», – деб ёзилган материалларда.

Маданий ҳамкорлик доирасида кино соҳасида ҳам қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Кинематография агентлиги ҳамда Тожикистоннинг «Тожикфильм» давлат муассасаси ўртасида «Юлдузли осмон: Жомий ва Навоий» номли бадиий фильмни суратга олиш бўйича меморандум имзоланди ва фильм ишлаб чиқилди. Шунингдек, 2024 йилда Тожикистонда «Ўзбекистон киноси кунлари», 2025 йилда эса Тошкент шаҳрида «Тожик киноси кунлари» ташкил этилди.

Келгусида Ўзбекистонда «Тожикистон маданияти ва киноси кунлари»ни ўтказиш, «Дўстлик кечаси» концерт дастурини ташкил этиш, театр гастроллари ва «Наврўзи олам» уч авлод учрашувини ўтказиш кўзда тутилмоқда.

Мақолалар хулосасида таъкидланганидек, «Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик изчил тарзда ривожланиб, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда».

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш