Британия нефть-газ корпорацияси Ўзбекистон билан тизимли ҳамкорликка тайёр
Март 23, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 128
ЛОНДОН, 23 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов "British Petroleum" трансмиллий компаниясининг халқаро ривожланиш департаменти раҳбари Майкл Денисон билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида Британия компанияси вакили жорий йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация ҳамда “BP” раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган музокаралар натижаларини юқори баҳолади. Таъкидланишича, мазкур мулоқот ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, кенг кўламли инвестиция ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратди.
Британия томони энергетика соҳасида, жумладан углеводород ресурсларини қидириш ва қазиб олиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида Ўзбекистон билан тизимли ва узоқ муддатли шерикликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини билдирди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистоннинг инвестиция муҳитини яхшилаш ва энергетика салоҳиятини янада оширишга хизмат қилишини қайд этилди.
Учрашув якунида “BP” делегациясининг V Тошкент халқаро инвестиция форумида юқори даражада иштирок этишга тайёрлиги маълум қилинди. Бу эса икки томонлама ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва янги инвестиция келишувларини илгари суриш учун муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси