Logo

Сеулда Амир Темурга бағишланган монография тақдимоти бўлиб ўтди

Май 04, 2026. 09:00 • 2 дақ

406
Сеулда Амир Темурга бағишланган монография тақдимоти бўлиб ўтди

СЕУЛ, 4 май. /“Дунё” АА/. Инҳа университети профессори Сон Донгининг “Амир Темур: Марказий Осиёнинг ёпиқ чегараларини очиш ва уни дунёни боғлаш” номли монографиясининг тўлдирилган нашри тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хангук чет тиллар университетида ўтказилган ушбу тадбир илмий-маърифий муҳитда ўтказилиб, Соҳибқирон Амир Темурнинг сиёсий ва дипломатик меросини таҳлил қилишга бағишланган кенг илмий муҳокамаларга замин яратди.

Профессор Сон Донги ўз асарида Амир Темурнинг тарихий ўрнини юқори баҳолаб, Ғарб тарихшунослигида шаклланган айрим анъанавий қарашларни танқидий ёндашув асосида қайта кўриб чиққан. Муаллиф Соҳибқиронни XIV аср Евроосиё геосиёсатининг муҳим меъмори сифатида тасвирлаб, унинг стратегик сиёсати Марказий Осиёнинг минтақавий изоляциясини бартараф этишга хизмат қилганини таъкидлади.

Монографияда Амир Темур даврида йўлга қўйилган савдо йўллари хавфсизлик тизими Буюк Ипак йўли ривожига катта туртки бергани, Самарқандни халқаро интеллектуал ва иқтисодий алмашинув марказларидан бирига айлантиргани батафсил ёритилган.

Шу билан бирга, асарда кўчманчи анъаналар ва ўтроқ цивилизация институтларини уйғунлаштирган давлат бошқаруви моделига алоҳида эътибор қаратилган.

Қолаверса, Амир Темурнинг дипломатик фаолияти, хусусан Европа қироллик саройлари билан бевосита алоқалар ўрнатишга қаратилган ташаббуслари илмий жиҳатдан таҳлил қилинган.

Сон Донгининг ушбу асари илмий жиҳатдан пухта ва маданий дипломатия ғояларини уйғунлаштирган ҳолда тайёрланган бўлиб, шарқшунослик ҳамда халқаро муносабатлар соҳасидаги мутахассислар, Марказий Осиё тарихий меросига қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган ушбу монографиянинг чоп этилиши Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш