Мадридда “Улуғ Амир ва Дoнна Мария” фильми премьераси бўлиб ўтади
Апрель 15, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 82
МАДРИД, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Мадрид шаҳри марказида ёрқин маданий тадбир – “Улуғ Амир ва Донна Мария” бадиий фильмининг илк йирик тақдимоти бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Шу йил 23 апрель куни Испания пойтахтида кенг жамоатчиликка буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурга бағишланган ушбу бадиий фильм намойиш қилинади.
Намойиш шаҳарнинг машҳур маданий-кўнгилочар марказларидан бири ҳисобланган “Palacio de Hielo” ҳудудида жойлашган замонавий кинотеатрда ўтказилади.
Тадбир мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Кинематография агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилади. Шу билан бирга, ушбу хайрли ишга Испания ва Осиё давлатлари ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи, нуфузли муассаса “Casa Asia” яқиндан ёрдам беради.
Меҳмонларни оддий кино асар эмас, балки тарих, санъат ва халқаро ҳамкорликни уйғунлаштирган ҳақиқий маданий воқеа кутмоқда. Фильм буюк ҳукмдор сиймоси, унинг даври ва меросини очиб бериб, мутахассислар ҳамда кенг аудиторияда катта қизиқиш уйғотади.
Кинематография агентлиги буюртмасига биноан “Ўзбекфильм” киностудияси ҳамда Туркиянинг “Kanguru” кинокомпанияси ҳамкорлигида суратга олинган мазкур фильмда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятининг шу пайтгача кўпчиликка номаълум бўлган ибратли жиҳатлари тўғрисида ҳикоя қилинади.
Таниқли адиб Хайриддин Султон сценарийси асосида, истеъдодли кинорежиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган “Улуғ Амир ва донна Мария” бадиий фильми, аввало, мураккаб сюжет чизиғи, мавзунинг оригинал талқини, тарих ва бугунги кун воқеликларини уйғун ва муштарак ҳолда бадиий акс эттириши, драматик интригаларга бойлиги билан томошабинлар эътиборини тортади.
Ушбу премьера Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш йўлида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, "Буюк Амир ва Донна Мария" фильми 27 апрель куни Лондоннинг энг нуфузли ва тарихий кино залларидан бири бўлган Regent Street Cinema кинотеатрида Британия жамоатчилигига тақдим этилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси