Logo

Малайзия ОАВ: Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди

Апрель 15, 2026. 14:15 • 3 дақ

67
Малайзия ОАВ: Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди
Малайзия ОАВ: Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди
Малайзия ОАВ: Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди

КУАЛА-ЛУМПУР, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Малайзиянинг қатор етакчи оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда юртимизда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирлар кенг ёритилди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “Ikim” телерадиоканалида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятида тутган ўрни ва аҳамияти” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияга бағишланган дастур эфирга узатилди.

Малайзиялик журналистлар ушбу анжуманнинг юксак савияда ташкил этилганини алоҳида эътироф қилди.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва муаллифлик ғояси асосида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази маънавий-маърифий қадриятлар миллий тикланиш ва халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворига айлана олишини яққол намоён этмоқда. Шу билан бирга, у бутун дунёдан тадқиқотчилар, сайёҳлар ва кенг жамоатчилик эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Амир Темур буюк давлат арбоби, моҳир саркарда ва ўз даврининг энг қудратли империяларидан бирини барпо этган шахс сифатида жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутади. XIV аср охири – XV аср бошлари чуқур сиёсий ўзгаришлар даври бўлиб, айнан шу шароитда Амир Темур Ҳиндистондан Яқин Шарққа қадар бўлган улкан ҳудудларни бирлаштириб, мустаҳкам бошқарув тизимига эга давлат қуришга муваффақ бўлди.

Унинг сиёсатида дипломатия муҳим аҳамият касб этган. Хусусан, Амир Темур Европа давлатлари – Франция, Англия ва Кастилия билан дипломатик алоқалар ўрнатган. 1404 йилда Самарқандга ташриф буюрган Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ўз хотираларида давлат бошқарувининг юқори даражада ташкил этилганини, ривожланган инфратузилмани ҳамда хорижий элчиларга кўрсатилган ҳурмат-эътиборни алоҳида қайд этган.

Амир Темур вафотидан сўнг унинг ворислари – темурийлар давлат тараққиётини муносиб давом эттириб, илм-фан, маданият ва таълим соҳаларига алоҳида эътибор қаратди. Бу давр тарихда Иккинчи Шарқ Ренессанси сифатида ном қозонди. Ушбу даврда интеллектуал ва бадиий ҳаёт юксалди ва бу жараён Европа Уйғонишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди.

Шунингдек ўқинг

Журналистлар дастурда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Мажмуа меъморий жиҳатдан Темурийлар анъаналарини замонавий технологиялар билан уйғунлаштирган бўлиб, ўтмиш ва бугун ўртасидаги узвий боғлиқликни ифодалайди. Унинг 65 метрли гумбази ва маҳобатли пештоқлари мамлакат ҳудудларини рамзий жиҳатдан бирлаштириб, тарихий ворисийлик руҳини акс эттиради.

Марказ экспозицияси “Цивилизациялар – Шахслар – Кашфиётлар” тамойили асосида ташкил этилган бўлиб, у исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон босқичларини қамраб олади. Ташриф буюрувчилар нафақат ноёб артефактларни томоша қилишлари, балки VR ва AR технологиялари, голограммалар ва сунъий интеллект ёрдамида улар билан интерактив тарзда танишиш имконига эга.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда буюк давлат арбоби, саркарда ва илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланди.

Юбилей тадбирлари доирасида Ислом цивилизацияси маркази халқаро мулоқот майдонига айланди. Хусусан, жорий йилнинг 9–10 апрель кунлари бу ерда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америкадан 300 дан ортиқ етакчи олимлар, тадқиқотчилар ва экспертлар иштирокида кенг кўламли халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрнини чуқур ўрганиш, шунингдек, келгусида халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам платформа яратишга қаратилди.

Шунингдек, конференция доирасида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан “Амир Темур ва Донна Мария” бадиий фильмининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш