Парижда Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКО ўртасида 2026-2027 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва “йўл харитаси” имзоланди
Апрель 12, 2026. 11:52 • 2 дақ
• 178
ПАРИЖ, 12 апрель. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ҳамда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова ташкилот бош директори Холид Ал-Ананий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ҳукумати ва ЮНЕСКО ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва 2026-2027 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”ни имзоладилар. Ҳужжат Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида таълим, фан, маданият, коммуникация ва ахборот соҳаларида тизимли ҳамкорликни давом эттириш учун ҳуқуқий ва ташкилий асос яратади.
Ушбу битим Ўзбекистон Президенти томонидан 2025 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишга қаратилган.
Суҳбат давомида томонлар келгусида аниқ натижаларга йўналтирилган “йўл харитаси” доирасида ҳамкорликни муҳокама қилдилар ҳамда қўшма глобал ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Мазкур учрашув Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан шерикликни янада чуқурлаштириш, барқарор ривожланиш, маданий меросни муҳофаза қилиш ва инклюзив таълим соҳасидаги кун тартибини биргаликда илгари суриш борасидаги интилиши қатъий эканини тасдиқлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси