Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси Гурландаги техникумга беғараз ёрдам кўрсатди
Июль 17, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 78ИСЛОМОБОД, 17 июль. /“Дунё” АА/. Хоразм вилояти Гурлан туманидаги 3-сонли техникумга Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси томонидан тақдим этилган 10 дона замонавий ноутбукдан иборат беғараз грант топширилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвоҳид Азимов бошчилигидаги дипломатлар, техникум раҳбарияти, педагоглар ҳамда ўқувчилар иштирок этди. Учрашувда грант доирасида олиб келинган компьютер техникаси таълим муассасасига тантанали равишда топширилди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан ўтказган учрашувида белгиланган вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарга эга, рақобатбардош ҳамда юқори малакали мутахассислар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
Тақдим этилган ноутбуклар техникумнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, дастурлаш, компьютер графикаси ва дизайн йўналишларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбир давомида техникум раҳбарияти ушбу амалий кўмак учун миннатдорлик билдириб, грант таълим сифатини янада оширишга хизмат қилишини қайд этди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Гурлан туманидаги 3-сонли техникумда мингга яқин ўқувчи турли йўналишлар бўйича касб-ҳунар сирларини эгалламоқда. Ўқувчиларга замонавий билим бериш ва уларнинг танлаган касбини мукаммал ўзлаштиришлари учун моддий-техник базани янада мустаҳкамлаш зарурати мавжуд эди. Айниқса, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича амалий машғулотларни ташкил этишда компьютер техникаси етишмаслиги муайян қийинчиликлар туғдирарди.
“Тақдим этилган ноутбуклар асосида техникум ҳузурида дастурлаш, компьютер графикаси ва дизайн йўналишлари бўйича “Инновацион ўқув-амалий марказ” ташкил этилади. Бу марказ ўқувчиларнинг амалий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг замонавий рақамли технологияларни чуқур ўзлаштириши учун муҳим замин яратади. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг Покистондаги элчихонасига кўрсатилган амалий ёрдам учун устозлар ва ўқувчиларимиз номидан миннатдорлик билдирамиз”, – деди техникум директори Зульфия Давлатова.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


