Ригада ўзбек маҳсулотларини Европа бозорига олиб чиқишга мўлжалланган янги логистика маркази очилди
Май 17, 2026. 09:10 • 2 дақ
• 75РИГА, 17 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Савдони ривожлантириш компанияси” кўмагида Рига портида Ўзбекистон маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш ва кейинчалик тарқатишга мўлжалланган янги омбор очилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистондан Европа бозорларига мева-сабзавот, озиқ-овқат, тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни мунтазам етказиб беришни ташкил этишга қаратилган. Янги логистика иншооти нафақат Болтиқбўйи мамлакатларига, балки Европанинг бошқа давлатларига ҳам етказиб беришни таъминловчи тақсимот маркази вазифасини бажариши кўзда тутилган.
Омбор ҳудудида Ўзбекистон маҳсулотлари намуналари тақдим этилган шоурум ҳам ташкил этилган. Европа бозори талабларига мувофиқ маҳсулотларни қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш қувватларини яратиш режалаштирилмоқда, бу эса экспорт рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.
Иншоотнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Латвия ишбилармон доиралари ҳамда логистика компаниялари вакиллари иштирок этди. Томонлар маҳсулот етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш, транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон ҳамжамиятлари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистонлик тадбиркорларнинг Латвияга ташрифи доирасида Рига марказида “Uzbek Bazaar” савдо шохобчаси ҳам ишга туширилди. Лойиҳа ўзбек брендларини илгари суриш ва уларнинг Латвия истеъмол бозоридаги ўрнини кенгайтиришга қаратилган.
Таъкидланганидек, янги логистика ва савдо иншоотларининг очилиши Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини юксалтириш, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг Европа бозорларидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси











