“Kalimantan Post” газетаси: Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқалар асрлар давомида шаклланган
Март 28, 2026. 13:30 • 2 дақ
• 26
ЖАКАРТА, 28 март. /“Дунё” АА/. Индонезиянинг “Kalimantan Post” газетасида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг таҳлилий мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Индонезия алоқалари нафақат расмий дипломатик муносабатларга, балки асрлар давомида шаклланган маънавий ришталарга асосланган. Хусусан, Ява оролида ислом динини тарқатишда “Vali Songo” (Тўққиз авлиё) жамоаси ва асли самарқандлик Мавлоно Малик Иброҳим Самарқандийнинг фаолияти муҳим роль ўйнаган. Улар икки минтақа ўртасида илк илмий ва маънавий кўприк вазифасини бажарган.
Индонезиядаги анъанавий таълим тизими Имом Мотуридий мактабининг маънавий меросини давом эттирувчи сифатида қаралади. Ушбу мактабнинг рационал ва бағрикенглик тамойиллари мусулмонлар орасида ҳурмат ва муроса муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилган.
Материалда қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқандда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси қайта тикланиб, бу ерда кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилган.
Бугунги кунда мазкур мажмуа нафақат зиёратгоҳ, балки замонавий дунёда ислом динининг асл қадриятларини тарғиб қиладиган халқаро интеллектуал марказ сифатида хизмат қилмоқда.
Нашр хулосасида Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик нафақат таълим ва зиёрат туризми, балки илмий тадқиқотлар соҳасида ҳам мустаҳкам маънавий қалқон яратишга ёрдам бериши алоҳида баён этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси