Сирдарё вилоятида халқаро бизнес-форум бўлиб ўтади
Август 27, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 106
КИEВ, 27 август. /“Дунё” АА/. Жорий йил 27–28 август кунлари Гулистон шаҳрида “Сирдарёда бизнес” халқаро бизнес-форуми ўтказилади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Kyiv Diplomatic” нашрига таяниб.
Сирдарё вилояти Тошкентдан 120 километр масофада жойлашган бўлиб, инвестициявий ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш учун мамлакатнинг истиқболли ҳудудларидан бири саналади.
Вилоятда саккизта махсус саноат ва учта эркин иқтисодий зона фаолият юритади. Уларда умумий қиймати 558,6 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2026 йилда ҳудудга қарийб 2 миллиард доллар сармоя жалб этиш режалаштирилган.
Форум доирасида иштирокчиларга вилоятнинг сармоявий имкониятлари, истиқболли лойиҳалар ва бўш ишлаб чиқариш майдончалари тақдим этилади. Саноат маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда B2B ва B2G форматларидаги музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган.
Иштирокчилар вилоят раҳбарияти, сармоядорлар ва корхоналар вакиллари билан учрашиш, саноат объектларига ташриф буюриш имкониятига эга бўлади.
Тадбир бевосита ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда қўшма инвестициявий ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини излашга қаратилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси