Ўзбекистон ва Шри-Ланка ўртасида манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди
Июль 13, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 82
ТОШКЕНТ, 13 июль. /“Дунё” АА/. Шри-Ланка ташқи ишлар, хорижий бандлик ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Аруни Ранаража юртимизга амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳрух Ғуломов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
Савдо-иқтисодий муносабатларни фаоллаштириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар икки мамлакат иқтисодиёти бир-бирини тўлдирувчи имкониятларга эга эканини қайд этиб, ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олди.
Жумладан, туризм соҳасида ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, қимматбаҳо тошлар савдоси, транспорт ва логистика тизимларини ривожлантириш, фармацевтика саноати ҳамда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича фикр алмашилди.
Музокаралар давомида икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни тизимли равишда ривожлантириш мақсадида Қўшма ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бундай тузилмалар инвестициявий ва савдо лойиҳаларини мувофиқлаштириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ҳамда янги ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси