Варшава шаҳрида “Women in Tech” халқаро тадбирини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи муҳокама қилинди
Апрель 28, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 309
ВАРШАВА, 28 апрель. /“Дунё” АА/. Юртимизнинг Польшадаги элчихона томонидан “Perspektywy” таълим жамғармаси асосчиси ва “IREG Academic Ranking and Excellence Observatory” президенти Вальдемар Сивински билан учрашув ўтказилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси ҳамда Польша–Ўзбекистон ректорлари форуми натижалари муҳокама қилинди.
Вальдемар Сивински ушбу тадбирлар юқори даражада ташкил этилганини таъкидлаб, Польша академик ҳамжамияти номидан миннатдорлик билдирди. Унинг фикрича, мазкур тадбирлар Польша ва Ўзбекистон университетлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё учун намунавий форматга айланмоқда.
Шунингдек, томонлар таълим ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш, айниқса ёшлар ва тадқиқотчилар алмашинувини кучайтириш масалаларини кўриб чиқди.
Хусусан, 2026 йил 10–11 июнь кунлари Варшава шаҳрида ўтказиладиган “Технология соҳасида аёллар саммити – 2026” (“Perspektywy Women in Tech Summit – 2026”)да Ўзбекистондан 20 нафардан ортиқ талаба ва ёш тадқиқотчилар иштирокини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.
Вальдемар Сивински ушбу саммит Европадаги энг йирик технологик тадбирлардан бири эканини, ҳар йили 10 мингдан зиёд иштирокчи қатнашишини маълум қилди. Шу билан бирга, у Ўзбекистон делегацияси учун иштирок тўловларини бекор қилиш, уларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва халқаро алоқалар ўрнатишда амалий ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.
Бундан ташқари, у Ўзбекистонда 2027–2028 йилларда “Women in Tech” форматида Марказий Осиё миқёсида халқаро тадбир ўтказиш ташаббусини яна илгари сурди ва бу борада Ўзбекистон томонининг позициясини сўради.
Элчихона дипломатлари ушбу ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошириш, таълим ва инновациялар соҳасидаги салоҳиятини намоён этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси