Венгриянинг Дебрецен шаҳрига консуллик ташриф амалга оширилди
Март 03, 2026. 09:36 • 2 дақ
• 60
ДЕБРЕЦЕН, 3 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Венгриянинг Дебрецен шаҳрига консуллик ташрифини амалга оширди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида ушбу ҳудудда доимий ва вақтинча истиқомат қилаётган ватандошлар иштирокида навбатдаги учрашув ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга мамлакатда бўлиш қоидалари, консуллик ҳисобида туриш тартиби ва унинг аҳамияти, консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларининг асосий мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот берилди.
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ваколатхона ходимлари томонидан Венгрияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан алоҳида учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида талабалар билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилиб, консуллик ҳисобида туришнинг аҳамияти, мамлакатдаги миграция тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилиш зарурлиги юзасидан атрофлича тушунтириш берилди.
Тадбир доирасида ҳамюртларимизни турли диний оқимлар ва радикал ғояларни тарғиб қилувчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолмасликка чақирилди, бундай ҳолатларга нисбатан доимо ҳушёр ва сергак бўлиш лозимлиги таъкидланди. Шубҳали ёки хавотирли вазиятларга дуч келинганда, зудлик билан тегишли тартибда элчихонага мурожаат қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Ушбу чора-тадбирлар фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани таъкидланди.
Учрашув савол-жавоб тарзида давом эттирилиб, Ўзбекистон фуқаролари бўлган талабаларни қизиқтирган барча масалалар юзасидан элчихона томонидан асосли ва ҳуқуқий жиҳатдан атрофлича жавоб берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан билдирилган саволларга батафсил жавоблар берилиб, амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш ҳамда мамлакатда бўлиш тартиб-қоидаларига амал қилиш зарурлиги яна бир бор эслатилди.
Муборак Рамазон ойи муносабати билан Дебреценда таҳсил олаётган талабаларга миллий таом – ош тарқатилиб, уларга ўқиш
ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаб, эзгу тилаклар билдирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
