Жидда шаҳрида Ўзбекистон фуқаролари учун ифторлик ўтказилди
Март 03, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 135ЖИДДА, 3 март /“Дунё” АА/. Бош консулхона томонидан Мадина Ислом университетида таҳсил олаётган талабалар ҳамда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ватандошлар учун ифторлик ташкил қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ифторлик муқаддас Рамазон ойи муносабати билан, маданий, диний анъаналарни сақлаш, Жиддада яшовчи ватандошларни қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилди.
Тадбирда юздан ортиқ ҳамюртлар қатнашди. Ватандошларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси Саиджамол Масаитов маъруза қилди.
Бош консулхона вакиллари, имом-хатиб билан биргаликда иштирокчиларни муборак Рамазон ойи билан табриклаб, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини таъкидлади.
Юртимизда муборак Рамазон ойи файзи ва баракаси ҳар бир хонадонга кириб, қалбларга меҳр-оқибат, бағрикенглик ва шукроналик туйғуларини улашаётгани қайд этилди. Бу ой – нафақат ибодат, балки инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш, жамиятда аҳиллик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ойи экани айтиб ўтилди.
Янги Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий йўналишда туб ўзгаришлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Тўртта олий диний таълим муассасаси – Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Самарқандда Ҳадис илми мактаби ва Сурхондарёда Имом Термизий номидаги ислом институтига асос солинди. Яна бир муҳим жиҳат, Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий, Бухорода Баҳоуддин Нақшбанд, Тошкентда Имом Мотуридий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари ташкил этилди.
Шу билан бирга, бош консулхона томонидан меҳмонлар учун алоҳида кўргазма бурчаги ташкил этилди. У ерда Янги Ўзбекистоннинг ривожланиши, ўзбек маданияти ва анъаналарини очиб берадиган махсус китоб ва журналлар тақдим қилинди, мусулмон оламида катта обрў қозонган буюк олимлар мероси ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир сўнгида ватандошлар учун ифтор дастурхони тайёрланди, ҳар бир иштирокчи миллий ўзбек таомлари ва байрамона палов билан тановул қилиш имкониятига эга бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



