Мадриддан муносабат: Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар бутун Марказий Осиё минтақасининг узоқ муддатли ўсиши учун пойдевор яратмоқда
Май 05, 2026. 08:10 • 3 дақ
• 366
МАДРИД, 5 май. /“Дунё” АА/. Умум-Европа Иттифоқининг Испаниядаги президенти, профессор Карлос Уриарте Санчес “Дунё” ААга Самарқандда бўлиб ўтаётган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишининг аҳамияти ҳақида фикр билдирди:
– Самарқандда бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилишини катта қизиқиш ва эътибор билан кузатиб бормоқдаман. Ишончим комилки, бундай нуфузли форум учун айнан Янги Ўзбекистоннинг танланиши Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларнинг қонуний натижасидир.
Фикримча, давлатимиз раҳбарининг иқтисодиётни чуқур трансформация қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган изчил ва прагматик сиёсати мамлакатимизнинг бугунги ютуқларининг асосий омили бўлди. Нисбатан қисқа даврда Ўзбекистон таъсирчан натижаларни кўрсатди – иқтисодиёт ҳажми қарийб уч баробарга 50 миллиард доллардан 147 миллиард долларгача ўсди. 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди, экспорт ҳажми уч баробарга ошди.
Айниқса, ўсиш нафақат миқдорий, балки сифат характерига ҳам эга экани диққатга сазовордир. Глобал беқарорлик шароитида иқтисодиёт юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ўсиш 8,7 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ижтимоий кўрсаткичлар сезиларли даражада яхшиланди. Камбағаллик даражаси қарийб 35 фоиздан 5,8 фоизга тушди, миллионлаб фуқароларнинг даромадлари эса сезиларли даражада ошди.
Асосий тармоқларда жадал модернизация ишлари олиб борилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Энергетика соҳасида 35 миллиард доллар инвестиция ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш 1,5 баробарга ошиб, 87 миллиард киловатт соатга етди, “яшил” энергетика сектори фаол ривожланмоқда. Рақамли технологиялар ва инновацияларга асосланган янги иқтисодиёт, жумладан, сунъий интеллект соҳасидаги кенг кўламли дастурлар шакллантирилмоқда.
Бу ўзгаришларнинг барчаси бугунги кунда нафақат молиявий институт, балки Ўзбекистоннинг тўлақонли стратегик ҳамкори бўлган Осиё тараққиёт банки билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётгани муҳим, деб ҳисоблайман. Қўшма лойиҳалар аллақачон кенг кўламга эга бўлиб, инфратузилма, хусусий сектор ва инсон капиталининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшмоқда.
Ишончим комилки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Самарқанд форуми доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар – рақамлаштириш, “яшил” энергетика, транспорт ўзаро боғлиқлиги ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида узоқни кўзлаган ёндашувни намойиш этади ва нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг узоқ муддатли ўсиши учун асос яратади.
Умуман олганда, Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган сиёсат бугуннинг ўзидаёқ аниқ ва ўлчанадиган натижаларни бермоқда. Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамламоқда ва 2030 йилгача бўлган улкан ривожланиш мақсадларига эришиш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда, деб ҳисоблайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси