Прагадан муносабат: Чехия–Ўзбекистон ўртасида янги стратегик шериклик алоқалари ўрнатилади
Май 01, 2026. 20:23 • 2 дақ
• 166
ПРАГА, 1 май. /“Дунё” АА/. Прага Метрополитен университети ўқитувчиси, фалсафа доктори Ярослав Ҳалик “Дунё” ААга Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Чехия Бош вазири Андрей Бабишнинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва стратегик ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилган муҳим қадамдир. Ташриф давомида Бош вазирга иқтисодиёт вазири Карел Ҳавличек ҳамда 50 дан ортиқ компания вакилларидан иборат бизнес делегация ҳамроҳлик қилди.
Ўзбекистон Европа ва Осиёни боғловчи стратегик ҳудуд бўлиб, бой ресурслари ва ўсиб бораётган бозори билан ажралиб туради. Марказий Осиёда Россия, Хитой, Туркия ва Эрон манфаатлари кесишади. Шу шароитда Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёда Чехиянинг иккинчи йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Сўнгги йилларда Чехия экспорти сезиларли даражада ошган.
Чехия асосан автомобиллар, саноат ускуналари, насослар, дори-дармонлар ва телекоммуникация воситаларини экспорт қилади. Ўзбекистон эса минерал ўғитлар, тўқимачилик маҳсулотлари, мис ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беради.
Ўзбекистонда рақамлаштириш ва инновацияга катта эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури амалга оширилмоқда, “IT Park Uzbekistan” каби марказлар ташкил этилган.
Шунингдек, Чехия ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик ривожланмоқда. Прага Метрополитен университети ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида меморандум имзоланган.
2025 йилда “UzSA-CZ” — Чехиядаги Ўзбекистон талабалари ассоциацияси ташкил этилди. 2026 йил апрель ойида Тошкентда ўтказилган бизнес форуми янги шерикликлар учун муҳим платформа бўлди.
Тошкентда бўлиб ўтадиган учрашувларда “Škoda Transportation” компанияси томонидан электр поездларини етказиб бериш ва маҳаллийлаштириш, темир йўл ва шаҳар транспортини модернизация қилиш, энергетика ва қайта тикланувчи энергия лойиҳалари, шунингдек, геология ва хомашё қазиб олиш соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Фикримча, бундай юқори даражадаги ташрифлар ва бизнес миссиялар сиёсий мулоқотни аниқ иқтисодий лойиҳаларга айлантиришга хизмат қилади. Бу эса икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга замин яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси