Ригадан муносабат: Ўзбекистон халқаро ҳамкорликка очиқлиги ва йирик иқтисодий ташаббусларни амалга оширишда муҳим ҳамкор бўлишга тайёрлигини намойиш этмоқда
Май 05, 2026. 10:55 • 2 дақ
• 330
РИГА, 5 май /“Дунё” АА/. Латвия Фанлар академияси Иқтисодиёт институти директори, профессор Нина Линде “Дунё” ААга Самарқандда бўлиб ўтаётган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши ҳақида фикр билдирди:
– Бундай нуфузли тадбирнинг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётгани, минтақавий ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаол ролидан далолат беради. Очилиш маросимида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ва ОТБ президенти Масато Канднинг иштирок этиши форумга алоҳида аҳамият бағишлайди.
Куни кеча Ўзбекистон ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги шерикликнинг узоқ муддатли ва стратегик хусусиятини акс эттирувчи 2026–2030 йилларга мўлжалланган янгиланган Ҳамкорлик дастури бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолангани алоҳида эътиборни тортмоқда.
Ушбу дастурнинг амалга оширилиши инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш, таркибий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётга инновацион ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади. Бу, шунингдек, мамлакатнинг барқарор ўсиши ва рақобатбардошлигини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Йиғилиш доирасида икки томонлама учрашувлар ва тематик семинарлар ўтказиш иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишлари, жумладан, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт ва минтақавий интеграция бўйича мулоқотни чуқурлаштириш имконини беради.
Бундай майдонлар тажриба алмашиш ва келишилган ечимларни ишлаб чиқиш учун қулай муҳит яратади. Ўзбекистон халқаро ҳамкорликка очиқлигини ва йирик иқтисодий ташаббусларни амалга оширишда муҳим ҳамкор бўлишга тайёрлигини намойиш этмоқда.
Умуман олганда, ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилишини Самарқандда ўтказиш иқтисодий дипломатияни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, Марказий Осиёда ва ундан ташқарида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси