Ўзбекистон жаҳон халқлари тарихида янада юксак ўрин эгаллашига ишонамиз
Январ 30, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 93
АНҚАРА, 30 январь. /“Дунё” АА/. Туркий дунё муҳандислари ва меъморлари уюшмаси бош котиби Илёс Демирчи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи якунлари бўйича “Дунё” АА учун фикр билдирди:
– Ўзбекистон–Туркия муносабатлари мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланмоқда. Назаримда, Осиёда Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Анқара ва Истанбулгача чўзилган ярим ой шаклидаги ёрқин юлдуз порламоқда.
Жадидлар руҳидаги маданий уйғониш туркий тафаккур ва илм-фаннинг ўзига хос хусусиятларини ривожлантиришга қаратилган кучли ҳаракатдир. Ўзбекистон Осиёнинг ёрқин юлдузи бўлиб, ёш авлодга айтаётган мазмунли сўзлари билан ўтмишини унутмасдан, келажак сари дадил қадам ташламоқда, ёруғлик тезлигида ривожланмоқда. Бугунги кунда у нафақат тараққиёт маркази, балки туркий-исломий маданият ва цивилизациянинг маънавий пойтахти, юраги ҳамдир.
Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўтган 35 йил ичида, айниқса, сўнгги 10 йил ичида донолик, сиёсий узоқни кўра билиш ва теран давлатчилик тафаккури билан амалга оширилган ислоҳотлар нафақат ўзбек халқи, балки бутун туркий дунё ва жаҳон ҳамжамияти учун намуна бўла оладиган замонавий, шаффоф ва илғор давлат тизимини шакллантирди.
Ҳудудий режалаштириш, шаҳарсозлик ва урбанизация жараёнлари якунланди, “ақлли шаҳарлар” барпо этилди, йўллар, кўприклар, муҳандислик иншоотлари, таълим муассасалари қурилди. Жамиятнинг асосий таянчи бўлган маҳалла институти “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши билан янада мустаҳкамланди. Айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти ўн йил ичида асрларга татигулик ишларни амалга оширган буюк давлат арбоби ва миллий етакчи сифатида тарихда қолади.
Биз Туркий дунё муҳандислари ва меъморлари уюшмаси сифатида қиличи билан ер юзини забт этган буюк Амир Темур авлоди, қалами билан осмонни, Сомон йўлини забт этган аллома Мирзо Улуғбекнинг муқаддас хотирасига бағишланган туркум йилларни эълон қилдик.
Ўзбекистоннинг миллий етакчиси бор. Ўзбекистоннинг меҳнаткаш халқи бор. Биз ўзбек халқини ўз қардошимиз деб биламиз. Биз ҳам муҳтарам Ўзбекистон Президентини Президентимиз сифатида эътироф этамиз.
Шу боис биз юртингизда ва туркий дунёда катта муваффақиятларга эришган муҳандислар жамоасига тил, фикр ва меҳнат бирлиги йўлида хизмат қиламиз.
Ишонамизки, Ўзбекистон жаҳон халқлари тарихида янада юксак ўрин эгаллайди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
