Ўзбекистон делегацияси Испанияда Европа-Араб олий таълим жамғармаси билан музокара ўтказди
Апрель 27, 2026. 20:34 • 3 дақ
• 68МАДРИД, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Испанияда Ўзбекистон делегацияси Европа-Араб олий таълим жамғармаси вакиллари билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ушбу жамғарма Европа Иттифоқи мамлакатлари ва араб дунёси ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, фан, таълим ва гуманитар ҳамкорлик орқали цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро институт ҳисобланади.
Мамлакатимиз делегацияси таркибидан Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU) координаторлари Екатерина Соболева ва Савлат Рашидов ўрин олди.
Испания томонидан Европа-Араб олий таълим жамғармаси ижрочи котиби Антонио Санчес Ортега, Андалусия кутубхоналари маданий дастурлари координатори Сухайл Сержини, жамғарма вакиллари Конча де Санта Ана Фернандес, Хавьер Руперез Каналес ва Ҳассан Лаагир иштирок этди.
Жамғарма гуманитар билимларни тарқатиш, тадқиқот платформаларини ривожлантириш, конструктив мулоқот ва фикр алмашиш учун майдонлар яратишга қаратилган кенг кўламли илмий, таълимий ва маданий ташаббусларни амалга оширади. Ташкилот фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида таълим дастурларига алоҳида эътибор қаратилади.
Хусусан, Европа-Араб олий таълим жамғармаси магистрлик ва постдиплом дастурлари орқали мутахассислар тайёрлайди. Шу билан бирга, ёшлар ва талабалар учун маданиятлараро компетенцияни ривожлантириш ва барқарор гуманистик қадриятларни шакллантиришга қаратилган халқаро конгресслар, семинарлар ва амалий воркшопларни ўз ичига олган кенг кўламли таълимий лойиҳаларни амалга оширади.
Ўзбекистон томони ёшлар билан ишлаш ва бузғунчи мафкуралар тарқалишининг олдини олиш контекстида ушбу тажрибанинг қимматли эканини алоҳида таъкидлади.
“Ўзбекистон Президенти ёшлар тарбияси, барқарор дунёқарашни шакллантириш ва радикаллашувнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бугунги глобал чақириқлар шароитида айнан таълим, маърифат ва маданий мулоқот ёш авлодни бузғунчи таъсирлардан ҳимоя қилишнинг асосий воситаларига айланмоқда. Шу муносабат билан биз Европа-Араб жамғармаси томонидан тўпланган энг илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ва жорий этишдан манфаатдормиз ҳамда ёш мутахассисларни тайёрлаш ва таълим дастурларини амалга ошириш борасида мазмунли тажриба алмашишга тайёрмиз. Ислом цивилизацияси маркази базасида Жамғарма ваколатхонасини очиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз”, дея фикр билдирди Хайриддин Султонов.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Янги Ўзбекистонда фан, таълим ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берди. Ислом цивилизацияси марказининг халқаро илмий-маърифий платформа сифатидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Жамғарма фаолияти йўналишлари, жумладан, таълим дастурлари, инсон ҳуқуқлари, маданий хилма-хиллик ва радикаллашувнинг олдини олиш соҳасидаги тадқиқотлар марказ олдига қўйилган вазифалар билан кўп жиҳатдан мос экани таъкидланди.
“2017 йилда Ўзбекистон Президенти БМТ минбаридан сўзлаган нутқида ислом дини эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини эканини таъкидлаган эди. Бугунги кунда ушбу ғоя марказимиз фаолиятида изчил амалга оширилмоқда, миссияларимизнинг муштараклиги эса ўзаро ҳамкорлик учун кенг истиқболлар очади”, деди Фирдавс Абдухолиқов.
Учрашув якунлари бўйича Андалусиянинг кутубхона ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, шарқ қўлёзмалари ва Руй Гонсалес де Клавихо саёҳати билан боғлиқ тарихий манбаларни ўрганиш бўйича қўшма ишларни олиб бориш юзасидан келишувга эришилди.
“Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш биз учун катта шараф. Биз тадқиқот фаолиятини янада чуқурлаштириш ва умумий тарихий-маданий меросимизни ўрганиш учун, жумладан, Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси билан биргаликда ишлашга тайёрмиз”, деди Сухайл Сержини.
Томонлар цивилизациялараро мулоқотни мустаҳкамлаш, илмий ва таълимий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган шерикликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



