Ўзбекистон элчиси Венгриядаги йирик тамаки компанияси фаолияти билан танишди
Март 22, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 138
ШАТОРАЛЬЯУЙХЕЙ, 24 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг “Continental Tobacco Group” компаниясининг Боршод-Абауй-Земплен вилояти, Шатораляуйхей шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш мажмуаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида элчи компаниянинг ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлари ҳамда минтақадаги йирик тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилардан бири сифатида фаолиятини ташкил этиш жараёни билан яқиндан танишди.
Компания раҳбарияти томонидан асосий фаолият йўналишлари, замонавий ишлаб чиқариш линиялари, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда истиқболдаги ривожланиш режалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Қайд этилганидек, “Continental Tobacco Group” тамаки саноатида фаолият юритувчи дунёдаги йирик хусусий компаниялардан бири ҳисобланади.
Учрашувлар давомида “Continental Tobacco Group” ҳамда Ўзбекистон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, саноат кооперациясини ривожлантириш, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мавжуд, аммо ҳали тўлиқ ишга солинмаган салоҳиятни самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Ташриф якунида томонлар ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтириш ва амалий ҳамкорликни изчил ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси